— Миссияга тайёргарликлар олиб борилмоқда ва миссияолди миссияси ўтказилгани ҳақида маълумот мавжуд. Бу воқеалар кенг оммага нимани англатади? Ўзбекистоннинг ядро инфратузилмасини ўрганиш бўйича халқаро агентлик миссияси - ИНИР олди миссияси ўзи нима?

Агентлик бошқарма бошлиғи Шавкат Абдукомилов:

— Ўзбекистон Республикаси ҳудудида илк бор атом электростанцияси қурилиши туфайли, Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) томонидан ёрдам кўрсатиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Асосий ёрдамлардан бири бу – атом энергетикасига илк бора қадам қўяётган мамлакатларга уларда миллий ядро инфратузилма ҳолатини баҳолашда экспертлик ёрдамини кўрсатишдан иборат.

Бу экспертлик ёрдами мамлакатнинг ядровий инфратузилмасини 19та турли йўналишлари бўйича баҳолашдан иборат. Асосийларини санаб ўтадиган бўлсак, миллий позицияси, ядровий хавфсизлик бўйича олиб борилаётган ишлар, қонунчиликни такомиллаштириш, ядровий қуролни тарқатмаслик бўйича кафолатлар, кадрлар тайёрлаш масаласи, атом электр станциясини қуриш майдончасини аниқлашдаги соҳа, энерготизимнинг тайёргарлиги, саноатнинг тайёргарлиги ва бошқа масалалар. Мана шу 19та йўналиш бўйича қандайдир камчиликлар бўлса, кейинчалик бу катта маблағларга ёки бошқа салбий оқибатларга олиб келмаслиги учун, қайси жойда қандай ишлар қилиш керак, қандай тадбирларни амалга ошириш кераклиги бўйича ўзининг экспертлик баҳоси ва тавсияларини беришга мўлжалланган миссия. Асосий мақсади – шу.

Мана шу миссияни ўтказиш учун МАГАТЭ ўз мутахассислари ва халқаро экспертларни жалб этади. Бу жуда ҳам катта жараён. Ўзбекистонга келиб, буни ўтказиш катта тадбир ҳисобланади. Буни ўтказишдан олдин ана шу экспертлик миссиясини буюртма қилган мамлакат ўзини ўзи баҳолаш ҳисоботини тайёрлаб, 19та йўналиш бўйича ҳар бир вазирлик, идора нима қилган, шу кунгача қандай норматив ҳужжатларга эга, бу йўналишлардаги тизим қандай йўлга қўйилгани бўйича ўзини баҳолаб, тақдим этади.

— Мана шу ИНИР олди миссиясини ўтказиш, ташкил этиш энергетиклар, хусусан, Ўзбекистондаги атом мутахассислари учун қандай аҳамиятга эга?

Шавкат Абдукомилов:

— Бу жуда ҳам тўғри савол. Мисол учун, атом энергетикасига кириб келаётган янги мамлакат ўзида илк марта қандайдир ишларни амалга ошириб келмоқда. Биринчи иш бу – бўлажак вендор, технологияларни етказиб берувчи мамлакат, ташкилотлар билан шартнома шартларини музокара қилиб олиш, ундан ташқари, келажакда атом электр станцияси билан боғлиқ бўлган барча жараёнларда биринчи ўринда хавфсизликни таъминлаш, иккинчиси, зарур бўлган қонунчиликни шунга тайёрлаш ишлари. Шунингдек, бўлажак атом электр станциясини бошқариш учун кадрларни тайёрлаш бўйича ишлар давом этмоқда.