Жамият | 11:40 / 03.12.2020
10418
4 дақиқада ўқилади

Лойишдаги лой бозор: Бу ердаги муаммолар қачон ва қандай ҳал қилинади?

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Оқдарё тумани маркази Лойиш шаҳарчасидаги бозорга оидлиги айтилган фото ва видеолар тарқалди. Тасвирлардан кўринадики, сотувчилар ўз маҳсулоти ва молларини шундоқ лой бўлиб ётган ерга қўйиб сотишмоқда.

Kun.uz мухбирлари ҳолатга ойдинлик киритиш учун воқеа жойида бўлиб, вазиятни ўрганишди.

Чиндан ҳам улкан майдон лойга қоришиб ётибди. Бир томонига тош ва шағал ташланиб, текисланмоқда ҳамда техника ишламоқда.

«Оқдарё савдо комплекси» раҳбари суратда акс этган жой бозор ҳудудига кирмаслиги, бу ҳудуд деҳқон бозори қуриш учун ажратилган ер майдони экани ва бу жойда фақатгина бир кун — ижтимоий тармоқларга суратлари чиққан кун савдо бўлганини таъкидлади.

Бозордаги дўконда фаолият юритадиган тадбиркорнинг сўзлари эса бунинг бутунлай аксини тасвирлади. Унинг айтишича, бу ер ёзда чанг-у тупроқ, қишда лой бўлса-да, рўзғор тебратиш учун одамлар шу жойда доимо савдо-сотиқ билан шуғулланиб келишади.

Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Бобомурод Аралов бу жойда савдо-сотиқ билан шуғулланадиганларни танимаслигини, ҳеч ким жой сўраб бирор марта ҳам мурожаат қилмаганини, мурожаат қилишганда бозордаги бўш дўконлардан ажратиб берилишини маълум қилди.

Аммо бизга «бўш» деб кўрсатилган дўконларнинг деярли ҳаммаси банд эканлиги, эшик-дераза қўйилмаган дўконларгина ишлатилмай турганини кўриш мумкин. Мутасаддилар бу ҳолни «бу дўконлар ҳозирча омборхона сифатида фойдаланилмоқда, аслида, бўш турибди», — дея изоҳлашди.

Ҳақиқатан ҳам, улар айтганидек, бозор ҳудудидаги элликдан ортиқ дўконлар бўш, дейлик. Хўш, бу дўконлар қандай тартибда берилади?

Таъкидланишича, мазкур дўконлар тадбиркорлар томонидан қурилган бўлиб, бир квадрат метр жой учун 11 минг сўмдан ижара ҳақи тўлайди. Ҳоким ўринбосари эса «Илтимос қиламиз, сотувчилар бир кун – фақат якшанба куни савдо қиладиган бўлса, дўконларни бепул олиб берамиз», — деди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: бир тадбиркор қурган дўконда бошқа бир тадбиркор ҳеч қандай ҳақ тўламай фаолият юритса, катта маблағ сарфлаб, дўконларни қурган тадбиркор дўконни қуриш учун қилган сарф-харажатларини қачон ва қандай қоплайди? Боз устига, у ҳали квадрат метрига 11 минг сўмдан ижара ҳақи ҳам тўлаш керак.

Хуллас, мутасаддиларнинг сўзларига кўра, лойда савдо қилишни хоҳламаган савдогар туман ҳокими ўринбосарига мурожаат қилади. У эса дўконни қурган тадбиркорга илтимос қилиб, уни бепул олиб беради. Бир тадбиркорнинг муаммоси бошқа бир тадбиркор ҳисобидан ҳал этилади.

Ҳозирча мутасаддилар Лойишдаги лойга ботган бозор муаммосини муваққат ҳал этишнинг мана шундай йўлини топишган.

Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Б.Аралов бу жойда деҳқон бозори қурилишини, лойиҳа сентябр ойида тасдиқланганини маълум қилди.

Таъкидланишича, маблағ муаммо бўлгани сабабли қурилиш ишлари шу вақтга қадар бошланмаган. 1 декабр куни, яъни ижтимоий тармоқларда бу жойнинг сурати тарқалгач қурилиши бошланган бозорда ишлар қачон тугаши ҳақида маълумот берилмади.

Маблағ масаласида берилган саволга эса савдо комплекси билан ҳамкорликда ҳашар йўли билан қурилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда худди шу ерда жойлашган «Оқдарё Савдо комплекси» МЧЖ ҳудудидаги дўконларга ўт кетиб, ўндан зиён тадбиркорларга моддий зарар етгани ҳақида ҳикоя қилган эдик.

Отабек Шарафов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид