Cobalt учун чегирма берилиши ва ҳатто фоизсиз бўлиб тўлаш имкониятининг очилиши – автомобил бозори қанчалик ўзгариб кетганини яққол кўрсатувчи энг ёрқин ва рамзий мисолга айланди. Kun.uz ички бозорда автомобиллар нархи пасаяётганини изоҳловчи бешта асосий омилни санаб ўтади.

Ўзбекистон автомобил бозорида бир неча ўн йилликлар давомида "сотувчи диктатураси" ҳукм суриб келди. Машина нархининг тенг ярмига яқин бож тўлови, сертификатлаш ва бошқа нотариф тўсиқлар ҳамда ички танлов имкониятининг чеклангани шароитида талаб фақат ўсиб борарди. Яқин-яқингача йилда икки марта 4-5 соатгагина очиладиган шартнома учун ёпиқ эшиклар ортидаги ўйинлар, ур-тўполон ва навбатлар кўпчиликни ажаблантирмас, одатий ҳолдай қабул қилинарди. Аммо вазият ўзгаряпти.

Масалан, ички бозордаги асосий ўйинчи бўлган UzAuto Motors'нинг савдо сиёсатини олайлик. Дастлаб, Tracker ва Onix каби моделлар харидорларга бошланғич тўлов билан ўзининг нархида насияга берила бошлади. Кейинчалик бундай имконият Damas учун ҳам тақдим этилди.

Ҳақиқий кулминацион нуқта компаниянинг энг талабгир автомобили – Cobalt'ни ҳам 50 фоизлик бошланғич тўлов билан 11 ойгача ўзининг нархида харид қилиш имкониятининг пайдо бўлиши бўлди.

Бир неча кун олдин эса Captiva'га 45 млн сўмгача, Cobalt'га 15 млн сўмгача чегирма эълон қилинди. Бундай ўзгаришлар 30 ёшни қарши олаётган UzAuto Motors'нинг ўзбекистонликларга азбаройи сахийлиги уйғониб кетганидан эмас, балки бир қатор фундаментал омиллар таъсирида юз беряпти.

Нега машиналар арзонлаяпти?

Биринчидан, бозорда таклиф ҳажми йилдан йилга ошиб боряпти. Масалан, 2017 йилда мамлакатда 135 мингта автомобил ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич 2025 йилда қарийб 458 мингтани ташкил этди ва 8 йилда 3,4 баробарлик ўсиш кузатилди. Биргина 2021 йилни ҳисобга олмаса, ишлаб чиқариш ҳар йили сезиларли даражада ошиб келяпти.

Бу эса ўз навбатида аҳолининг автомобиллашув даражасига бевосита таъсир қилди. 2010 йилда 100 та уй хўжалигига тўғри келадиган енгил автомобиллар сони 21 тани ташкил этган бўлса, 2015 йилда 41 тага, 2020 йилда 49 тага, 2025 йилда эса 61 тагача ошди.