Ўзбекистон | 10:00 / 11.12.2020
20172
3 дақиқада ўқилади

Самарқанд давлат тиббиёт институти Қўшработда: 104 нафар ўқувчида турли даражада касаллик аниқланди

Хабарингиз бор, Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчиларидан иборат тиббий бригада Самарқанд вилоятининг чекка қишлоқларида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказиб келмоқда.

Навбатдаги тиббий кўрик Қўшработ туманидаги Пангат қишлоқ врачлик пункти ҳамда 40-умумтаълим мактабида ташкил қилинди.

Очиғини айтиш керак, кўпчилик йилда бир-икки марта бўлсада тиббий кўрикдан ўтишни ўзига лозим топмайди. Кимдир тиббиёт муассасасига боришга эринади, яна кимдир малакали шифокорга эҳтиёж сезади, аммо ҳар доим ҳам бунинг имконияти бўлавермайди. Аксариятимиз соғлиғимизда жиддий ўзгариш кузатилмагунча, тиббий кўрикка зарурат сезмаймиз. Ваҳоланки, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш афзал, деганда мана шундай тиббий кўриклар назарда тутилади. Юқорида тилга олинган ташаббусдан кўзланган мақсад ҳам аслида шу. Малакали, чуқур билимга эга мутахассис-ходимларимиз аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тиббий кўрикка эътибор қилишнинг қанчалик муҳимлигини амалда исботлаб бермоқдалар.

Хусусан, Самарқанд давлат тиббиёт институти тиббий бригада аъзолари – невропатолог, окулист, терапевт, кардиолог, жарроҳ, акушер-гинеколог, педиатр, болалар ортопед-травматологи, болалар жарроҳи ва УТТ мутахассисидан ташкил топган. Чуқурлаштирилган тиббий кўрикда институтда таҳсил олаётган, асли Қўшработ туманида истиқомат қилувчи юқори курс талабалари, магистрлар ва клиник ординаторларнинг ҳам фаол иштироки таъминланди.

Пангат қишлоқ врачлик пунктида тиббий кўрикдан ўтган фуқароларнинг 22 нафарига стационар, 151 нафарига амбулатор даволанишга йўлланма берилди. 40-умумтаълим мактабида ўтказилган тиббий кўрик натижасида эса 104 нафар болада турли хил касалликлар аниқланди. Ўқувчиларнинг ўн нафари ясси оёқлилик, икки нафари жисмоний ривожланишдан орқада қолиш, шунингдек, кўкрак қафаси диформацияси, камқонлик ва сурункали хасталиклар билан оғриши маълум бўлди.

Касаллик аниқланган болаларнинг барчаси диспансер назоратига олинди.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг тажрибали ходимлари, битирувчи курс талабаларидан иборат жамоа вилоятимизнинг барча туманларида худди шундай чуқурлаштирилган тиббий кўрикни амалга оширишни режалаштирган.

Бундан олдин институт ва Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг малакали ходимларидан иборат тиббий бригада Нуробод туманида шу каби тадбирни амалга оширганди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид