12:55 / 12.12.2020
3875

2020 йилги давлат харажатлари 42 фоизга ортгани маълум қилинди

Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институти директори Жаҳонгир Ниғматов АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида бу йилги давлат харажатлари кутилганидан 42 фоизга ортиқни ташкил қилаётганини айтди.

«Пандемия даври бизга кўп нарсани ўргатди. Айниқса, қайси соҳаларга қандай харажат қилишимиз кераклигини тушуниб етдик. Масалан, аввал биз кутмаган натижалардан бири — пандемия пайтида ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аҳоли сони анча кўпайиб кетди. 

Агар рақамларга тўхталсак, бюджет параметрлари 2,08 трлн сўм тасдиқланган бўлса, кутилаётган харажатлар миқдори 4 трлн бўлиб кетди. Яъни, харажатлар 42 фоизга ошди», — деди институт директори. 

Шунингдек, мутасадди суғурта бозорини ривожлантириш борасида кутилаётган янгиликлар ҳақида ҳам тўхталган. 

«Ҳозирда суғурта бозорини ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Бунинг бажарилиши охирига етиб қолди. Бунда иккита энг асосий нарса назарда тутилган. Биринчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мажбурий тиббий суғурта соҳасини ривожлантириш ишларини олиб боряпмиз. Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги соҳасида суғурталаш тизимини йўлга қўймоқдамиз. 

Пандемия даврида суғурта бозорини ривожлантириш доирасида қишлоқ хўжалигини суғурталаш жуда зарурлиги маълум бўлди. Бу бугунги кунда муҳим аҳамиятга эга бўлган индекс суғуртасини ривожлантириш орқали амалга оширилмоқда», — дея Жаҳонгир Ниғматов сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top