Тонгги одатлар кун давомидаги самарадорликка таъсир кўрсатади.
Муваффақиятли инсонлар ҳақида гап кетганда улар қатъий кун тартибига риоя қилиши, кунни яхши ўтказиш учун муайян одатларга амал қилиши таъкидланади. Хўш, булар қандай одатлар?
Қуйида ўз соҳасида муваффақиятга эришган етти нафар тадбиркорнинг самарали бўлиш учун кунни қандай бошлаш, қайси одатлардан воз кечиш кераклиги ҳақидаги тавсиялари келтирилган.
Зангсоатни «яна беш дақиқа»га суриб қўйманг
Тонгда «тўйиб ухлаб олишга уриниш» ва зангсоатни «яна беш дақиқа ухлаб олай» деган баҳона билан суриб қўйиш – муваффақиятли бизнес лидерлар ҳеч қачон қилмайдиган одат.
«Муваффақиятли одамлар орасида зангсоатни суриб қўювчиларни учратмайсиз. Бу ўзингизга берилган ваъдани – муайян соатда уйғонишга қилинган аҳдни бузиш демак. Муваффақиятли инсонлар эса ваъдани, айниқса, ўзига берилган ваъдани бажариш самарадорликнинг асосий омили эканини билишади», – дейди Birdsong таъсисчиси ва бош директори Моника Снайдер.
Уйғонган заҳоти телефон титкилашни бас қилинг
Кунни яхши бошлаш ва кераксиз нарсаларга чалғиш ўртасидаги фарқ фикр тиниқлиги, диққатни жамлаш ва режалаштиришдадир. Уйқудан уйғонгач қилинадиган энг зарарли одатлардан бири бу – қўлга телефонни олиш, электрон почтани, ижтимоий тармоқларни, янгиликларни текширишдир», – дейди Common Giant асосчиси Филип Окли.
Бунақа ишларнинг барчаси ўз белгиланган вақтида қилиниши керак.
Кунни режасиз бошламанг
«Кун давомида қилинадиган ишлар режасини тузиш тадбиркорлар учун муҳим одат», деб ҳисоблайди GTIF Capital ҳамкори Дэвид Чен.
Ишларни режалаштириш ижобий энергияни сақлаб қолишга ва стрессга тушмасликка ёрдам беради, вақтни тартибга солади.
«Янги иш кунида қандай вазифалар борлигини аниқ билиш муҳим. Режали кун режасиз кундан кўра анча самаралироқдир», дейди Чен.
Жисмоний фаоллик
MonsterInsights ҳаммуассиси Крис Кристофф мунтазам эрталабки жисмоний машқлар нафақат жисмоний ва руҳий ҳолатни яхши сақлаш, балки ишда самарали бўлишга ҳам йўл очишини таъкидлайди.







