Президент Шавкат Мирзиёев 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятида бўлиб қайтди. Ташриф якуни бўйича Урганч шаҳрида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда президент вилоятдаги автомобиль йўллари ҳолатини танқид қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Хоразмда ички йўллар йўқ десак адолатдан бўлади. Янгиариқдан келдим, у йўл йўл эмас. Ички йўлларни сифатли таъмирлаш керак. Шундай қилингларки, келгуси йилда ҳар бир маҳалла Хоразмда ички йўллар бўйича ўзгариш бўляпти, десин», – деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни ўстиришда солиқ ва банк соҳаларининг ўрни ҳақида ҳам гапириб ўтди.
«Хоразмда иқтисод комплексида 5 мингга яқин одам бор. Энди туманнинг 3–4та банкларининг 30–40 нафарлаб ходимлари, солиқчилар кабинетни қўриқлаб ўтирмайди. Маҳаллаларга бориб, аҳоли билан бевосита ишлайди. Одамлардан сўрайди, муаммосини ҳал қилади.
Банк – ислоҳотнинг қони. Солиқчи ҳам тушуниши керак, ислоҳот бўлса, солиқ тушуми ошади. Шу тизимни йўлга қўйсак, натижа бўлади», – таъкидлади президент.

Давлат раҳбари қишлоқ хўжалиги соҳасига ҳам тўхталди.
«Мен 80 фоиз туманлар ҳокимлари билан суҳбатлашдим. Олган жавобларим қониқарли эмас. Ҳар битта туман ҳокими муовини, сектор раҳбарлари элим учун хизмат қиламан деса, Хоразмда ҳаммаси яхши бўлади.
Ҳозир пахтани 75–80 фоиз қайта ишлаяпмиз. Кластер қилиб ишлатилса, натижа бутунлай бошқа бўляпти, ип калава эмас, тайёр маҳсулот тайёрланяпти.
[...] Нима учун Хоразмда мева-сабзавот кам, чунки сувдан фойдаланиш сиёсати йўқ? Эски тизим билан ишлаб бўлмайди. Дунё бўйича 2021 йилда озиқ-овқат муаммоси бўлиши мумкинлиги айтиляпти. Биз бунга тайёрмизми?
Масалан, Наманганда адолатли тизим йўлга қўйилди, тадбиркорларга шароит қилиб берилди. Фарғона билан Наманганни тенглаштириб бўлмайди, Фарғонада катта-катта корхоналар бор. Хоразм Намангандан ҳам анча орқада. Наманганга бориб, кўриб келинглар, қанча ишлар қилинган. Ҳокимга кўп нарса боғлиқ, изланиш керак. Наманганда Бозоров ҳоким вақтида 10 фоиз қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган, Хоразмда ҳокимлар 90 фоиз шуғулланяпти, лекин фойда йўқ.


















