«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ Осиё тараққиёт банки иштирокида локомотивлар паркини янгилаш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Куни кеча Хитойдан Ўзбекистонга 3та юк ва 1та юк-йўловчи локомотиви ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари олиб келинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Жамият раиси Ҳусниддин Ҳосиловнинг айтишича, лойиҳа доирасида жами 30 та электровоз олиб келиш режалаштирилган.

«Бугун Ўзбекистон темир йўлларида локомотив паркини янгилаш лойиҳаларининг яна бир қадами ташланди. Яъни Хитой Халқ Республикаси билан амалга оширилган тендер савдолари натижасида 30 та электровоз кириб келиши кўзда тутилган эди.

Хитойнинг «Далян» заводи пандемияга қарамай электровозларни ўз вақтида ишлаб чиқарди ва биринчи электровозимиз мана юртимизга кириб келди. Шу йилнинг охиригача 12 та электровоз ва кейинги йилнинг март ойларигача 18 та, жами 30 та янги электровоз кириб келади. Шундан 22 таси юк ташишга мўлжалланган, қолган 8 таси йўловчи вагонларини ташиш учун мўлжалланган электровозлардир», – деди Ҳосилов.

У электровозлар кутилганидан анча арзонроққа сотиб олинганини айтиб ўтди.

«Тендер савдоларида 24 та электровоз олишимиз керак эди. Хитой ишлаб чиқарувчилари жуда ҳам арзон нархда бергани сабабли биз маблағимизга 30 та электровоз олиш имкониятига эга бўлдик.

Масалан, битта юк электровози 5 млн 100 минг доллар бўладиган бўлса, у иккита кузовдан иборат. Яъни битта кузовнинг ўзи 2,5 млн доллар бўлади. Бу – дунё бозорида жуда ҳам арзон ҳисобланади», – деди «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раиси.

Таъкидланишича, электровозлар экологик жиҳатдан халқаро талабларга жавоб беради ва асинхрон тортиш электр двигателлари билан жиҳозланган. Локомотивларда қўлланиладиган замонавий технологиялар электр энергиясини тежаш ва ёқилғи сарфини камайтириш имконини беради. 

Поездлар тоғли ҳудудларда ҳаракатланишга мослашган: юк ташувчи электровозлар 14 600 КВт, йўловчи электровозлар эса 9600 КВт қувватга эга.