Ўзбекистон | 08:11 / 19.12.2020
7184
2 дақиқада ўқилади

Сўм ва хорижий валюталарни қалбакилаштирган шахс ушланди

2020 йил 13 декабр куни Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида ички ишлар бўлими ва Миллий гвардия ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Музработ туманида яшовчи Т.Б. шу куни тахминан соат 11:00ларда “Истара” деҳқон бозорига озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш мақсадида келиб, 9 дона 50 000 сўмлик, 9 дона 100 000 сўмлик купюрадаги жами 1 350 000 сўм миқдоридаги қалбаки пулларни муомалага киритаётган вақтида ушланган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш давомида, Т.Б.нинг уйидан 125 дона 100 000 сўмлик, 64 дона 50 000 сўмлик купюрадаги жами 15 700 000 қалбаки сўм ва 9 дона 1000 рубл, 1 дона 2000 рубл ва 8 дона 100 рубл купюрадаги жами 11 800 қалбаки Россия рубллари ҳамда 1 дона “EPSON” рангли принтери, 1 дона “LG” видеотизими, 1 дона модем, 1 дона “VESTA” телевизори, 1 дона “DEFENDER” клавиатураси олинган.

Вилоят эксперт-криминалистика бўлимининг 2020 йил 15 декабр кунидаги техник-криминалистик экспертиза хулосасига кўра, пуллар компьютер техникаси қўлланилиб, рангли принтер ёрдамида тайёрланган. 16 декабр куни Т.Б.га нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид