Жамият | 18:05 / 23.12.2020
9397
1 дақиқада ўқилади

Чироқчида бир суткада 16 соатгача чироқ ўчирилаётгани маълум қилинди

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида одамлар 1 суткада 16 соатгача электр энергиясидан мосуво ҳолда яшашга мажбур бўлмоқда. Бу ҳақда мазкур туманда чироқ ўчирилиши масаласида мониторинг олиб борган Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

«Об-ҳавонинг кескин совиб кетиши сабабли истеъмолчиларнинг электр энергияга бўлган эҳтиёжлари кундан-кун ортиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси жойларда электр энергияси ва ундаги узилишлар юзасидан мониторинг ишларини олиб бормоқда.

Ўрганишлар давомида Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ҳақиқатда 12-16 соатгача электр тармоқдан режасиз узилиш ҳолатлари кузатилди. Натижада аҳоли томонидан ҳақли эътироз ва норозиликлар кўпаймоқда», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси истеъмолчиларни ҳақ ҳуқуқлари бузилиш ҳолатларини юзага келтирган «Hududiy elektr tarmoqlari» бўйича судга даъво аризаларини киритиб бормоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид