Жаҳон | 09:12 / 05.01.2021
11853
2 дақиқада ўқилади

Араб давлатлари Қатардан иқтисодий блокадани олишга қарор қилди 

Саудия Арабистони ва Қатар ҳукуматлари ўзаро муносабатлар яхшиланиши ҳақидаги келишувни имзоламоқчи. Бу ҳақда АҚШ маъмуриятидаги манбага таяниб Reuters ахборот агентлиги хабар берди

Келишув Саудия Арабистонида ўтадиган Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг 41-саммити доирасида имзоланиши кутилмоқда. 

Келишув доирасида Саудия Арабистони Қатар билан қуруқликдаги, ҳаво ва денгиз чегараларини очади. Бу ҳақда Кувайт ташқи ишлар вазири Аҳмад Носир Ас-Сабоҳ маълум қилган. Таъкидланишича, Саудия Арабистони Қатардан блокадани олмоқчилигига ишора қилган. Бироқ Баҳрайн, БАА ва Миср ҳозирча бундай қилмаяпти, аммо АҚШ маъмуриятида улар ҳам Ар-Риёднинг қарорига қўшилишларига умид билдирилмоқда. Ўз навбатида, Қатар блокада билан боғлиқ барча даъволаридан воз кечади.   

Reuters манбасининг хабар беришича, Қатардан блокада олинади, бу эса давлатлар орасида ҳаракатланиш ҳамда маҳсулотлар ташиш имконини беради ҳамда минтақада кўпроқ барқарорликка олиб келади.

Таъкидланишича, 4 араб давлати ва Қатар ўртасида муносабатларнинг яхшиланиши бўйича музокараларда АҚШ президенти куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер ҳам иштирок этган. У ва америкалик бир қатор амалдорлар Қатар билан муносабатларнинг яхшиланиши ҳақидаги келишувнинг имзоланишида иштирок этишлари кутилмоқда.

2017 йил ёзида Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Доҳани ўз ички ишларига аралашишда ва террорчиликни қўллаб-қувватлашда айблаб, у билан дипломатик алоқаларни узишга қарор қилган. Бунинг ортидан Қатарга нисбатан иқтисодий санкциялар ва транспорт блокадаси киритилган. Жумладан, 4 араб давлати Қатар авиацияси учун ўз ҳаво ҳудудларини ёпган. Қатарда эса қўшни давлатларнинг бу қарори ҳеч қандай асосга эга эмаслиги айтилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид