Қайд этилишича, Солиқ кодексига мувофиқ жорий йилнинг 1 июлидан амалиётга жорий этилган қўшилган қиймат солиғининг салбий фарқ суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) тартибини янада такомиллаштириш талаб этилмоқда.

Амалда айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳақиқатда қўшилган қиймат солиғи тўланмаган маҳсулотлар бўйича гўёки солиқ тўланганлиги тўғрисида қалбаки битимлар тузилиб, солиқни ҳисобга олиш орқали салбий фарқ ҳосил қилиш ва бюджетдан маблағ ундириш ҳолатлари учрамоқда.

Лойиҳа солиқ тўловчиларга қўшилган қиймат солиғи ўрнини қоплаш амалиётида юзага келган бўшлиқларни бартараф этиш ҳамда ҳақиқатда бюджетга келиб тушмаган қўшилган қиймат солиғи суммаларини асоссиз қайтариш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қарор билан Вазирлар Маҳкамасининг “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 14 августдаги 489-сон қарори 1-иловасига мувофиқ тасдиқланган “Қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплаш тартиби тўғрисида низом”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. 

Жумладан:

  • қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплашда товарларни (хизматларни) ишлаб чиқарувчидан охирги истеъмолчигача бўлган занжирида солиқ ҳисобланиши ва тўланишини таъминлаш, қўшилган қиймат занжирида узилишларга барҳам бериш;
  • солиқ тўловчиларнинг контрагентларни танлаш чоғида лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши бўйича масъулиятини ошириш, солиқларни тўламаслик хавфи юқори бўлган солиқ тўловчилар билан хўжалик операцияларини амалга оширмасликка ундаш йўли билан солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш;
  • қўшилган қиймат солиғи суммаси ўрнини қоплашда солиқ органлари томонидан солиқларни тўламаслик хавфи юқори бўлган солиқ тўловчилар билан молиявий алоқалар орқали ҳисобга олинган қўшилган қиймат солиғи суммасини бекор қилиш ва қоплашни рад этиш ҳолатларини аниқ белгилаб қўйиш кўзда тутилган.