Қурол учун рухсатнома қандай олиниши аниқлаштирилди
Вазирлар Маҳкамасининг «Қурол муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Norma’нинг ёзишича, ҳужжат билан қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат беришга доир талаблар ва шартларни, шунингдек рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш ҳамда рухсат беришга доир талаблар ва шартларга риоя этилишини назорат қилиш тартибини назарда тутувчи қуйидаги низомлар тасдиқланди:
Юридик шахсларнинг қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом;
Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқароларининг қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом.
Қарор кучга кирганидан кейин уч ой ичида «Қурол тўғрисида»ги қонунга мувофиқ юридик ва жисмоний шахслардаги мавжуд пневматик қуроллар ички ишлар органларида рўйхатга қўйилади.
Қуйидагилар қурол муомаласи соҳасида ҳаракатларни амалга ошириш учун рухсат беришга доир асосий талаблар ва шартлар ҳисобланади:
- фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонун ва норматив ҳужжатларга, ёнғинга қарши, экология, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилишини таъминлаш;
- қурол ва унинг ўқ-дориларининг бут сақланишини таъминлаш;
- «Қурол тўғрисида»ги қонуннинг 7- ва 9-моддалари бузилишига йўл қўймаслик;
- қуролнинг индивидуал (тури, хили, модели, завод серияси ва рақами, чиқарилган йили), унинг ўқ-дориларининг эса жамланма (тури, калибри, партияси ва миқдори бўйича) ҳисобини юритиш, уларнинг мавжудлигини, кирим-чиқими ҳамда фойдаланиш учун бериш-қабул қилиб олишни назорат қилиб бориш, шунингдек бухгалтерия ҳужжатларини 10 йил мобайнида сақлаш;
- қурол ва унинг ўқ-дорилари соҳасида ҳаракатларни бажариш ва фаолиятни амалга оширишга бевосита боғлиқ ишларга жалб этилаётган ходимлар орасида 18 ёшга тўлмаган, шунингдек доимий яшаш жойига эга бўлмаган шахслар бўлмаслигини таъминлаш ва бошқалар.
Қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида аниқ ҳаракатларни бажариш ва (ёки) муайян фаолиятни амалга оширишда рухсат беришга доир қўшимча талаблар ва шартларга қуйидагилар киради:
а) фуқаровий, хизмат ва коллекция қуроли ҳамда унинг ўқ-дориларини олиш бўйича:
мамлакат ҳудудида қурол ва унинг ўқ-дориларини фақат уларни реализация қилиш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар орқали олиш;
қурол ва унинг ўқ-дорилари олингандан (ёки реализация қилингандан) сўнг 10 кун муддатда рухсатномани расмийлаштириш учун ҳужжатларни тақдим этиш;
б) фуқаровий, хизмат ва коллекция қуроли ҳамда унинг ўқ-дориларини сақлаш бўйича:
жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш учун зарур моддий-техник базанинг ва ускуналарнинг мавжудлиги;
ўрнатилган сигнализация воситалари Миллий гвардиянинг техник қўриқлаш марказига уланишини таъминлаш ва бошқалар.
Шунингдек, низомда рухсатномаларни расмийлаштириш схемаси, рухсатномалар олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати келтирилган, уларни беришни назорат қилиш тартиби, рухсатномалар реестрини юритиш тартиби белгиланган.
Мавзуга оид
14:52 / 20.12.2024
Эрон Ўзбекистоннинг қатор маҳсулотларига экспорт учун рухсатнома беради
08:32 / 11.12.2024
Зеленский Украинада ишлаб чиқарилган янги қуроллар ҳақида гапирди
07:55 / 02.12.2024
SIPRI: Бутун дунёда, айниқса Россияда қурол савдоси ошиб бормоқда
11:37 / 15.11.2024