Компания AUSA–2026 кўргазмасида АҚШ армияси учун иккита ишланмани намойиш этган. Булар кучли микротўлқинли HPM тизими ва ҳаводаги ҳамда ердаги нишонларга қарши қўлланадиган MDACS кўп мақсадли артиллерия комплексидир.
HPM дронлар гуруҳига электромагнит энергия йўналтиради. Компания маълумотига кўра, электр таъминоти мавжуд экан, тизим янги нишонларга кетма-кет таъсир кўрсатиши мумкин. Бу одатий қуроллардаги каби ўқ-дори захирасини мунтазам тўлдириш заруратини камайтиради.
Бундай имконият ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ортиқча юклашга қаратилган оммавий дрон ҳужумларига қарши муҳим бўлиши мумкин. Ракетали тутувчиларда эса ўқ-дори захираси чекланган ва сарфланган ракеталар ўрнини тўлдириш қўшимча таъминот талаб қилади.
BAE Systems’нинг билдиришича, HPM конструкциясининг 99 фоиздан ортиғи очиқ бозорда мавжуд, серияли ишлаб чиқариладиган тижорат компонентларидан иборат. Компания бу ёндашув ишлаб чиқариш ва техник хизмат кўрсатишни осонлаштиришини таъкидлаган.
Модулли тизимни стационар ҳолда, шатакка олинадиган комплекс сифатида, жанговар машиналарда ёки денгиз платформаларида жойлаштириш кўзда тутилган.
Компания синовлар давомида нишонларга таъсирни ўрганиш учун бир неча миллиард микротўлқин импулси ҳосил қилинганини маълум қилган.
Иккинчи ишланма — MDACS артиллерия тизими ҳаво нишонларини юқори тезликдаги бошқариладиган HVP снарядлари билан тутиб қолишга мўлжалланган. Ҳаво транспортида ташиш мумкин бўлган ушбу платформа вазифа ва нишон турига қараб турли юқори аниқликдаги ўқ-дорилардан фойдаланади.
Ердаги ҳаракатсиз ва ҳаракатланаётган нишонларга қарши эса Scorpio-XR ўқ-дорисини қўллаш мумкин. BAE Systems унинг отиш масофаси 155 миллиметрли артиллериядан отиладиган мавжуд юқори аниқликдаги ўқ-дориларга нисбатан икки баравар узоқлигини билдирган.
Компания HPM ва MDACS’ни кўп қатламли мудофаанинг бир-бирини тўлдирувчи қисмлари сифатида кўрмоқда. Биринчиси дронлар гуруҳига йўналтирилган энергия билан таъсир қилса, иккинчиси ҳаво ва ер нишонларига снарядлар орқали зарба бериш имконини тақдим этади.















