Naked Science нашри Стокҳолм халқаро тинчлик муаммоларини тадқиқ қилиш институти — SIPRI маълумотларига таяниб, йирик қурол экспортчиларининг асосий ҳамкорлари ҳақида ёзди.

Маълумотлар қурол етказиб беришда икки хил ёндашувни кўрсатади. АҚШ каби йирик экспортчилар кўплаб мамлакатлар билан ҳамкорлик қилади. Бошқа айрим давлатларда эса биргина қабул қилувчи мамлакат бутун экспортнинг катта қисмини ташкил этади.

Бундай фарқлар узоқ йиллик ҳарбий ҳамкорлик, минтақавий хавфсизлик таҳдидлари ёки давом этаётган қуролли можаролардаги эҳтиёжлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

2021–2025 йилларда Саудия Арабистони асосий турдаги қурол-яроғлар импорти бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллаган. Мамлакат қурол импортининг 77 фоизи АҚШ ҳиссасига тўғри келган.

Икки давлатнинг ҳарбий ҳамкорлиги бир неча ўн йиллик тарихга эга. Америка самолётлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа замонавий қуроллар Саудия Арабистонининг ҳарбий салоҳиятини мустаҳкамлаш, минтақавий таҳдидларни тийиб туриш ҳамда муҳим инфратузилмани ҳимоя қилишда аҳамият касб этади.

Бироқ халқаро қурол етказиб беришнинг барчаси ҳам олди-сотди эмас. Қуроллар, айниқса, фаол жанговар ҳаракатлар даврида ҳарбий ёрдам сифатида ҳам берилади.

Масалан, 2021–2025 йилларда Украина АҚШ, Германия, Полша ва бошқа мамлакатлардан асосий турдаги қурол-яроғларни қабул қилиб, дунёдаги энг йирик олувчига айланган.

Етказиб берилаётган қуроллар турли мақсадларга хизмат қилади. Айримлари жангларда йўқотилган техника ва сарфланган захиралар ўрнини тўлдирса, бошқалари армияни модернизация қилиш, эҳтимолий ҳужумларни тийиб туриш ёки келажакдаги таҳдидлар учун захира яратишга мўлжалланган.

SIPRI рейтинги қуролларнинг пулдаги қийматини эмас, етказиб берилган асосий турдаги қурол-яроғлар ҳажмини баҳолайди. Шунингдек, ушбу кўрсаткичлар қуролларнинг кейинчалик жанговар ҳаракатларда ишлатилган ёки ишлатилмаганини акс эттирмайди.