Давлат раҳбари ўқув муассасаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва у ерда яратилган таълим инфратузилмаси объектлари, шунингдек, Қуролли Кучларимизнинг замонавий қурол ва ҳарбий техника намуналари ҳамда миллий мудофаа саноати корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан танишди.

Шундан сўнг Академияда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони раислигида Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятининг 2020 йил якунлари ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Хавфсизлик кенгаши аъзолари, Қуролли Кучларнинг раҳбар ва қўмондонлик таркиби, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда президент томонидан мамлакат мудофаа қобилиятини янада ошириш борасида амалга оширилган ишлар, Қуролли Кучларни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва уларнинг натижалари батафсил сарҳисоб қилинди. Вазирлик ва идоралар ҳамда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятига танқидий баҳо берилди.

Президент томонидан Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида, мамлакат ҳаётининг бошқа жабҳалари билан бир қаторда, ҳарбий соҳанинг энг муҳим йўналишлари бўйича замон талабларига мос қарорлар қабул қилинганлиги, амалга оширилган тизимли ва стратегик комплекс чора-тадбирлар натижасида қисқа давр ичида миллий армиямизнинг жанговар шайлиги ва умуман мамлакатнинг мудофаа қобилияти сезиларли даражада ошгани таъкидлаб ўтилди.