30 йилда ҳам таъмир кўрмаган кўчани нурободликларнинг ўзи ямаяпти. Аммо бу токайгача?
Самарқанд вилояти Нуробод тумани Ўртабўз қишлоғи туман марказидан 18-20 километр узоқликда жойлашган. Туман маркази билан бу қишлоқни маҳаллий аҳамиятга эга 4Н639 Нуробод – Ўртабўз – Меҳр – Олға автомобил йўли боғлайди. Мазкур йўлнинг таъмирталаб бўлганига анча йиллар бўлиб кетган бўлса-да, уни таъмирлайдиган ташкилот йўқ. Ҳамма унутган.
Kun.uz’га навбатдаги мурожаат Нуробод тумани Ўртабўз қишлоғи аҳолисидан йўлланди. Унда ёзилишича, мазкур қишлоқни туман маркази билан боғлайдиган маҳаллий аҳамиятга эга 4Н639 Нуробод – Ўртабўз – Меҳр – Олға автомобил йўли СССР даврида қурилган ва асфалт қилинган. Йиллар ўз сўзини айтиб, бу йўлнинг таъмирталаб бўлиб қолганига ҳам анча йиллар бўлган.
Мазкур йўлнинг сўнгги марта қачон таъмирланганини ҳатто қишлоқ оқсоқоллари ҳам эслай олмайди. Бири совет даврида асфалт қилинганидан сўнг шу ҳолида қолиб кетди, деса, яна бири СССР тарқаш арафасида ямаб чиқишганди, шекилли, дейди.
Мурожаатда маълум қилинишича, ўтган 30 йил мобайнида бу йўл бирон марта ҳам таъмирланмаган. Йўқ, «таъмирланган» – 1-2 марта туман йўллардан фойдаланиш корхонаси томонидан лой аралаш қум билан ямаб чиқилган, баъзи жойларига шағал тўкиб берилган. Унда ҳам ҳаммаси эмас, маълум бир қисми.
Таъкидланишича, мазкур йўлдан туманнинг тўртта қишлоғи – Ўртабўз, Меҳр, Олға ва Ҳазарматли аҳолиси фойдаланади. Йўлнинг умумий узунлиги 29 километр. Туман марказидан Ўртабўзгача бўлган қисми 18 километр.
Инсон сабрининг чегараси бор дейилгандай, ўртабўзликларнинг сабри шу кунларгача етди. Туман ҳокимлигига, туман йўллардан фойдаланиш корхонасига ва яна бошқа бир қатор мутасадди ташкилотларга мурожаат қилавериб чарчаган қишлоқ аҳли охири шу кунларда ҳашарга чиқди ҳамда йўлни қўлбола усулда таъмирлашга киришди. Худди йўлсозлардай аввал чуқурлардаги лой тозаланиб, сўнг унга бетон қоришмаси қуйиляпти. Асфалти батамом йўқ бўлиб кетган жойларга шағал тўктиришяпти. Аммо бу осон бўлмаяпти.
«Биз фойдаланаётган мазкур йўл қурилганидан сўнг бирон марта таъмирланмаган. Эсимизни таниганимиздан буён шу носоз йўлдан туман марказига бориб келамиз. Бундай таъмирталаб йўлларда юрган ҳар қандай машина бир йилга бормай «тўкилиб» кетади. Қолаверса, элчилик, касал бор, бемор бор, уларни бу йўлдан олиб юриш жуда хавфли. Туман марказидаги шифохонага олиб боргунча ҳар қандай беморнинг аҳволи баттар бўлади. Туман йўллардан фойдаланиш корхонасига мурожаат қилсак, ҳар доим маблағ йўқлигини айтади. Ҳозир ҳашарда ҳар куни 50-60 нафар одам ишлаяпти. Уларнинг тушлигига, шунингдек, цемент ва шағалга анча маблағ кетиб қоляпти. Қолаверса, юк машинада олиб келинаётган шағални 1,2 миллион сўмдан сотиб оляпмиз. Кучимиз етган жойгача таъмирлаб борамиз. Қолгани шу ҳолича қолади», дейди мурожаатчилардан бири Бобур Эломонов.
Шундан сўнг, мурожаат юзасидан Самарқанд вилояти йўллардан фойдаланиш бошқармаси бошлиқ ўринбосари Акбар Мирзаевдан изоҳ олдик. У ҳақиқатан ҳам 4Н639 Нуробод – Ўртабўз – Меҳр – Олға автомобил йўли анча йиллардан бери жиддий таъмирланмаганини тасдиқлади. Унинг айтишича, Нуробод тумани жуда катта ҳудудда жойлашган. 2018-2020 йилларда мазкур туманда жами 50 километрдан ошиқ ички йўллар асфалт қилиб берилган. Тумандаги барча йўлларни бирданига асфалт қилишнинг иложи йўқ. Шу сабабли йўллар навбати билан таъмирлаб бериляпти.
Акбар Мирзаев, Нуробод – Ўртабўз – Меҳр – Олға автомобил йўлидаги чуқурлар, носоз жойлар 2017-2019 йилларда шағал тўкилиб таъмирлангани 2020 йилда йўлнинг 0 километридан бошлаб 800 метр (!) асфалт қилинганини билдирди. Қишлоқ аҳли эса Олға қишлоғидан бошланган жойида 800 метр асфалт қилинганини тасдиқлашди, аммо йўлнинг сўнгги 4 йилда шағал тўкилиб, таъмирланганини инкор қилишди. Уларнинг айтишича, туман йўл бўлими йўлнинг бироз қисмини бундан 4-5 йил аввал қум тўкиб таъмирлаган. Шунда ҳам ёнилғи ва ишчиларнинг тушлиги учун қишлоқ аҳлидан пул йиғилган.
Энг қизиғи, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитасининг сайтида Самарқанд вилоятидаги автомобил йўллари ва уларнинг техник ҳолатини кўрсатувчи очиқ электрон маълумотда жами узунлиги 29 километр бўлган 4Н639 Нуробод – Ўртабўз – Меҳр – Олға автомобил йўлининг техник ҳолатини «23 километри қониқарли, 6 километри қониқарсиз» деб берилган. Ана шу ерда савол туғилади. Нега Самарқанд вилоят йўллардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Kun.uz’га берган изоҳида 4Н639 Нуробод – Ўртабўз – Меҳр – Олға автомобил йўли узоқ йиллардан бери жиддий таъмирланмаганини, фақат 2020 йилда бор-йўғи 800 метр (!) жойи асфалт қилинганини ва 2017-2019 йилларда қум тўкиб берилганини айтяпти-ю, Автомобил йўллари қўмитасининг сайтида мазкур йўлнинг 23 километри қониқарли аҳволда эканлиги, бор-йўғи 6 километри қониқарсиз аҳволда эканлиги келтириляпти? Автомобил йўллари қўмитасига Самарқанд вилоятидаги барча йўлларнинг техник ҳолати ҳақида вилоят автомобил йўллардан фойдаланиш бошқармаси маълумот беришини инобатга олсак, унда нега бошқарма мутасаддиси бизга бошқа маълумот беряпти-ю, қўмитага бошқача маълумот тақдим этиляпти? Бу саволимизни Акбар Мирзаев очиқ қолдирди.
Балки, Автомобил йўллари қўмитасининг йўллар «қониқарли» ёки «қониқарсиз» экани ҳақида ўз ўлчовлари бордир?! Шу саволга жавоб олиш учун қўмита сайтида «матбуот котиби» деб ёзилган ёзув остидаги телефон рақамига қўнғироқ қилганимизда, негадир оператор кўтарди ва у матбуот котиби билан улаб бера олмади. Ана шу ўринда «балки жойларда йўлларнинг қониқарсиз ҳолати Тошкентга «қониқарли» тарзда тақдим этилаётганмикин, деган гумон ҳам хаёлимизга келгани бор гап. Бугун ҳолати қониқарсиз ва таъмирталаб бўлиб турган 4Н639 Нуробод – Ўртабўз – Меҳр – Олға автомобил йўли Автомобил йўллари қўмитасининг сайтида берилган рўйхатда «қониқарли» деб берилаётгани шунга ишора қиляпти, ҳарқалай.
Юқоридаги гапларни ўқиб, «Қишлоқ аҳли ўзи юрадиган йўлни ҳашар билан таъмирласа нима бўлибди?!» дейишингиз ҳам мумкин. Ҳашар халқимизнинг ажойиб қадриятларидан бири эканлигини биз ҳам биламиз. Аммо қандайдир ишга одамлар ўз ихтиёри билан чиқса ҳашар ҳисобланади, мажбурликдан, иложсизликдан чиққани ва ишлагани, шунингдек, бу тарзда ташкиллаштирилган ишлар ҳашар ҳисобланмайди. Шундай экан, Ўртабўз қишлоғи аҳли ҳам Нуробод – Ўртабўз – Меҳр – Олға автомобил йўлини мажбурликдан, чорасизликдан, турли мутасадди идораларга қатнайвериб натижа чиқара олмаганидан сўнг иложсиз қолиб ўзи ҳашар йўли билан таъмирлаяпти. Оиласи учун, бола-чақаси учун сарфлаши лозим бўлган пулдан йўл таъмири учун ажратяпти. Аммо бу ҳолат қачонгача давом этади? Қачонгача турли давлат ташкилотлари бажариши керак бўлган ишларни халқ ҳашар йўли билан бажаради?
P.S. Агар ишлар тўғри ташкил этилса ва автомобил йўлларни таъмирлаш ва эксплуатация қилишда жаҳон тажрибаларидан фойдаланилса, аҳоли тезроқ сифатли йўллардан фойдалана бошлармиди?! Акс ҳолда нафақат Ўртабўз, Меҳр, Олға ва Ҳазарматли қишлоқлари аҳли, балки мамлакатимиздаги яна кўплаб аҳоли пунктлари яқин келажакда сифатли йўлларни кўрмайди-ёв!
Ғайрат Йўлдош, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
20:50 / 20.11.2024
Самарқандлик фуқаро диний экстремистик материалларни тарқатгани учун 3 йилга қамалди
15:51 / 27.04.2024
Нурободда 40 йил кутилиб таъмирланган асфалт бир йилга бардош берди
15:00 / 06.09.2023
Самарқандда халқаро конференция муносабати билан айрим йўллар ҳаракат учун ёпилади
17:17 / 24.08.2023