Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ташкил топганлигига жорий йилда 71 йил тўлади.

Албатта, ушбу даврда асосий ишлаб чиқариш қувватлари, айрим жиҳозлар ва инфратузилма объектлари маънан ва жисмонан эскирган.

Ушбу ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, жиҳозларини янгилаш бўйича Комбинатда Махсус дастур ишлаб чиқилган ва уни амалга ошириш учун 462 миллион доллар ажратилди.

Бугунги кунда ушбу дастур доирасида комбинат тасарруфидаги Мис бойитиш фабрикаси, Мис эритиш заводи ва Рух заводида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу корхоналарда олиб борилаётган реконструкция ишлари маънан эскирган ускуналарни янги, замонавий, инновацион ҳамда энерготежамкор ускуналарга алмаштирилиши атроф-муҳитга салбий таъсирларни камайтириш имконини беради.

Дастур ижросини биргина Рух заводи мисолида кўрадиган бўлсак ўтган даврда: Куйдириш цехида:

-ЭГТ-30 электрофильтрлари тўлиқ таъмирланди;

-чангларни тозаловчи қўшимча қопли фильтр ускуналари ўрнатилди;

- чанг ва газ тозаловчи ускуналар, вентиляцион тизим, электрофильтрлар, енг фильтрлар, аспирацион тизимлар капитал таъмири учун 2070,6 млн сўм маблағ сарфланди.

Бажарилган ушбу амаллар атроф муҳитга етказиладиган зарарни илгаригидан кескин камайтирди.

Шу ўринда айтиш керакки, дунё миқёсида пирометаллургия саноати бор давлатларда сульфат кислотаси ишлаб чиқариш муҳим аҳамият касб этади. Сабаби, сульфат кислотаси ишлаб чиқариш атмосферага зарарли газларни чиқиб кетишига йўл қўймайди.

Рух заводида ҳам металл олиш жараёнида ажралиб чиқадиган зарарли газлардан сульфат кислотаси олиш йўлга қўйилган. Ўтган йилда Рух заводида 30 313 тонна олтингугурт гази қайта ишланган.

2020 йилда ишлаб чиқаришни барқарорлаштириш ва модернизациялаш Дастурига кўра сульфат кислота цехида бир қатор ишлар амалга оширилди. Цехнинг чиқинди газларни ювиш бўлимида 3та электрфильтр капитал таъмирланди, 4-7,-8 электрофильтрлар реконструкция қилинди, 6та янги совутгич ускуналари ўрнатилди. Қуритиш абсорбциялаш бўлимида кимёвий ҳимоя ишлари олиб борилди. 

Цехнинг 2-навбатида қуритиш йиғувчиси капитал таъмирдан чиқарилди.

Контакт компрессор бўлимига МБФ ва 2-МБФдан 2 дона нагнетателлар олиб келиб, ўрнатилди.

Кислота сақлаш омборида 6-бак тўлиқ капитал таъмирланди.

Ҳозирги кунда заводда 6-сульфат кислотаси цехини қуриш учун  янги цех қуриладиган майдон аниқланиб, лойиҳа ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, шаҳардаги экологик муҳитни яхшилаш ва атроф муҳититга етказиладиган салбий таъсирини янада камайтириш мақсадида Рух заводида :

- янги ванадий катализаторини сақлаш омборини қуриш;

- заводдаги техноген чиқиндиларини қайта ишлаш ҳажмини ошириш;

-  янги сульфат кислотаси цехи қуриш;

- сув тозалаш иншоотларини тўлиқ реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш бошланди.

Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш учун Йўл харитаси ишлаб чиқилган.

Таъкидлаш жоизки, модернизация ва реконструкция ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда, бу жараёнлар вақтида атроф муҳитга баъзан газ тарқалиш ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда. Газнинг атмосферага чиқиши вилоят ва шаҳар экология Қўмитаси томонидан назорат қилинади ҳамда белгиланган меъёрдан оширилишига йўл қўйилмайди.

Шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда комбинат томонидан Олмалиқни "яшил шаҳарга" айлантириш учун жорий йилда шаҳардаги сув иншоотлари тўлиқ таъмирланиб, 100 минг туп дарахт кўчатларини экиш ишлари ҳам кўзда тутилган.

Хулоса ўрнида, шуни алоҳида қайд этиш керакки комбинатда босқичма -босқич олиб борилаётган модернизация ишлари минтақадаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, унинг софлигини сақлаш, техноген чиқиндиларнинг қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар, зарарсиз ва кам чиқариш олдимизга қўйилган энг асосий мақсаддир.

Даврон Абдураҳмонов, “Олмалиқ КМК” АЖ
Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш
бўлими бошлиғи