Ўзбекистонда президент сайловлари октябрь ойида бўлиб ўтиши мумкин
Ўзбекистонда президент сайловлари октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати хабар берди.
Ҳаракат томонидан эълон қилинган маълумотда айтилишича, ушбу масала Қуйи палатадаги сиёсий партиялар фракциялари йиғилишида муҳокама қилинган.
Агар ушбу хабар тасдиқланса, Конституция ва Сайлов кодексига тегишли ўзгартишлар киритиш керак бўлади.
Аввал президент сайловлари декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилган.
Президент сайлови: ҳуқуқий резюме
Президент сайловини Ўзбекистон фуқаролари умумий, тенг ва тўғридан тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан амалга оширадилар.
Президент лавозимига 35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкин.
Ўзбекистон президенти 5 йил муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига 2 муддатдан ортиқ Ўзбекистон президенти бўлиши мумкин эмас.
Ўзбекистоннинг 18 ёшга тўлган фуқаролари Ўзбекистон президенти сайловида қатнашиш ҳуқуқига эга.
Ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий, аҳволига, ирқий ёки миллий мансублигига, жинси, маълумоти, тили, динга муносабатига, машғулот тури ва хусусиятига қараб Ўзбекистон фуқароларининг сайлов ҳуқуқини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.
Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суднинг ҳукмига мувофиқ озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар Ўзбекистон президенти сайловида қатнашмайдилар.
- Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон президенти сайловида 15 906 724 нафар сайловчи ёки овоз беришда иштирок этган сайловчилар умумий сонининг 88,61 фоизи ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёевни ёқлаб овоз берганди.
Мавзуга оид
18:25 / 02.07.2024
“Эрон президентлигига номзодларга аҳоли ишончига кириш учун вақт камлик қилди” — Азим Умидий
09:37 / 11.10.2023
Сайлов кодекси ва 7 та қонунга ўзгартириш киритилади
10:29 / 06.07.2023
Ўзбекистон президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёни якунланди
07:54 / 14.06.2023