Ўзбекистон | 01:29 / 26.01.2021
3316
2 дақиқада ўқилади

CDC Ўзбекистон эпидемиологлари учун ўқув курси ташкил этди

25 январ куни Тошкент тиббиёт академиясида АҚШнинг касалликлар назорати ва профилактикаси маркази (CDC) билан ҳамкорликда амалий эпидемиологияга бағишланган халқаро ўқув курси бошланди.

Дастур асосида биринчи навбатда Tошкент шаҳри ва барча вилоятлардан жами 20 нафар эпидемиологлар тайёрланади.

«Бу – уларга яқин келажакда халқаро миқёсда тан олинган замонавий эпидемиологиянинг илмий асосланган усулларидан фойдаланиш имконини беради», – дейилади расмий релизда.

Ўқув дастурнинг очилиши муносабати билан ўтказилган вебинарда Tошкент тиббиёт академияси ректори, профессор Алишер Шодмонов, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вакиллари, АҚШ элчихонаси ишларини юргазиш бўйича вакили Алан Мельцер шунингдек, CDC’нинг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси директори Даниел Сингерлар ўзаро фикр алмашди. 

Маълумот учун: CDC – АҚШнинг Соғлиқни сақлаш агентлиги сифатида 1946 йилда ташкил этилиб, ўша даврда санитария-эпидемиология хизмати вазифасини бажарган. CDC АҚШ аҳолиси орасида эмлаш дастурига асос солган. Дунё миқёсида соғлиқни сақлашни амалга оширишдаги чора-тадбирларни такомиллаштиради.

Шунингдек, CDC АҚШнинг барча соғлиқни сақлаш муассасалари ва етакчи университетларининг тиббиёт мактабларида илмий тадқиқотлар олиб бориб, янги лойиҳа ва умуминсоний дастурларни қўллаб-қувватлаб келади.

Мавзуга оид