Ижтимоий тармоқларда ҳиндистонлик талабанинг Тошкент тиббиёт академиясидаги таълим сифатидан норози бўлиб ёзган пости муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Reddit платформасида шахси кўрсатилмасдан бир ой олдин жойланган постда муаллиф шу йил февралида академияга қабул қилингани, лекин барча умидлари пуч бўлиб чиққанини ҳикоя қилади.
“Ўқитувчилар инглиз тилида зўрға гапиради”
— Мен 2025 йил февралида Тошкент тиббиёт академиясига (ТТА) 1-курсга қабул қилинган ҳиндистонлик талабаман. Рости, бу университетни ишончли деб ўйлагандим. Контракт тўловлари арзон, хорижда тиббиёт ва жарроҳлик бўйича бакалариат, яхши муҳит, тўғрими? Адашган эканман. Бу ерда таълим сифати мутлақо расво, айниқса биз, хорижий талабалар учун.
Биринчидан, ўқитувчилар инглиз тилида зўрға гапиришади. Ҳазиллашмаяпман, баъзида Google Translate'дан ўқиётгандек минғирлашади. Уларни ҳатто тушунолмасак, қандай қилиб тиббиётни ўрганишимиз мумкин? Бизни 4 СОАТ инглиз тили дарсларига мажбуран киритишади. Ака, мен бу ерга алифбо ўрганишга келмаганман-ку, анатомияни ўрганишга келганман!

[Анатомиядан] 1 соат 20 дақиқа дарс бўлади ва бу ҳам кулгили. Улар ҳеч нима ўқитишмайди. Тўғри, профессорлар дарсга келишади, лекин фақат ўтириб, дарсликни кўрсатиб: “мана мавзу, ўрганинглар”, деб чиқиб кетади. Баъзида дарслар охирги дақиқаларда бекор қилинади. Аввалига “дарс онлайн бўлади” дейишади, лекин ҳайратланарлиси, ҳеч қандай онлайн дарс бўлмайди. Биз асосан ўзимиз мустақил ўқиймиз, улар эса ойлик олиб, истаган пайтда ғойиб бўлишади.
Декан ва ётоқхона ҳақида
— Кейин декан бор. Бу одам телба. Соқолимизни олишимизни сўраб, бизни мунтазам таъқиб қилади. Тушунаман, бу “вазирлик қоидалари” ёки нима бўлса ҳам, лекин инсон, тинчланинг – соқолим имтиҳонларни топширишга халал бермаяпти-ку! Декан ҳақида гапирсам, ундан фойда йўқ – ҳеч қанақа муаммони ҳал қилмайди. У шунчаки ўзини катта одамдек кўрсатиб юради, буёқда эса ётоқхона хароб бўлиб ётади. Ҳа, ҳинд талабалар учун ажратилган ётоқхона. Жирканч аҳволда. Ҳожатхоналар, омадимиз келса, ойига бир марта тозаланади, ҳамма жой моғор босиб кетган, қувурлардан сув оқиб ётибди ва ҳоказо. Ҳар икки ойда кимдир қизамиққа чалинади, уларнинг доҳиёна ечими эса бизни чорва фермадагидек тасодифий вакциналар билан эмлаш бўлади. Бу ерда гигиена деган нарса – афсона.










