SelfMama Uzbekistan лойиҳаси Ўзбекистонда илк бор аёллар карьера форумини (Uzbekistan Women Career Forum – 2021) ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Форум аёлларнинг ижтимоий ўсишига кўмаклашиш, касбий кўникмалар ва малакалар билан таништириш, ҳозирги ва бўлажак оналарга мотивация беришни мақсад қилади.

Форумда оналик ва оиладаги аёллик вазифалари билан бирга турли жабҳаларда муваффақиятли карьера олиб бораётган фаол аёллар қатнашиб, қиз-аёллар учун тавсиялар беришди.

Жумладан, «SmartGov» консалтинг компанияси раҳбари, жамоатчилик фаоли Азиза Умарова «Аёллар етакчилиги – жамият трансформацияси калити сифатида» мавзусида чиқиш қилди.

У ўзбек жамиятида аёлларнинг роли борасида шаклланган учта нотўғри қараш хусусида сўз юритди.

1-нотўғри қараш: Аёл ҳуқуқлари тушунчаси бизга яқинда ғарбдан кириб келган

— Аслида аёллар ҳуқуқлари ҳақида биринчилардан бўлиб жадидлар сўз оча бошлашган. Хусусан, жадидларнинг таниқли вакилларидан бири Тавалло қизларнинг ўз отасига билим олишга рухсат сўраш мазмунидаги мактуби шаклида шеър ёзади. Шундан сўнг янги усул мактабларида қизлар учун ҳам синфлар ташкил қилинади.

1927 йилда паранжини ташлаш ва ёқиш ҳаракатлари бошланди. СССРда шарқ аёлларининг паранжи ташлаши большевикларнинг энг асосий модернизация лойиҳаларидан бири бўлди. Улар қаторида Бухоро амирининг собиқ канизаги Жаҳон Обидова ҳам бор эди, у кейинчалик ЎзССРнинг вице-президенти бўлди, аммо 30-йилларда қатағон қилинади ва унинг номи барча манбалардан ўчириб ташланади.

СССРда кўплаб аёллар вазир, судья, ҳоким лавозимларида фаолият кўрсатишган, ҳатто Москвада республика номидан иш олиб боришган. Аёлларни раҳбар лавозимларига тайинлаш давлат сиёсати даражасига чиққан. 1991 йилдан бошлаб бу масала яна ортга кета бошлади.

2-нотўғри қараш: Ўзбекларнинг менталитети ўзига хос, аёлларга бўлган муносабат ҳам мана шу менталитет билан боғлиқ

— Янги Зеландия, Грузия, Сингапур, Эстония, Дания, Греция, Бангладеш, Непал, Исландия, Аргентина, Литва, Коста-Рика, Бразилия, Финландия, Германия, Эфиопия, Сербия, Молдова. Булар – давлат ёки ҳукумат раҳбари аёллар бўлган давлатлар.

Парламентда аёллар улуши энг кўп мамлакат эса Африканинг Руанда давлати. Бу борада иккинчи ва учинчи ўринларни Куба ва Боливия эгаллаб турибди. Бундан кўринадики, ҳеч қандай менталитет ёки муайян ҳудудга хос қарашлар жамиятнинг аёлларга муносабатини изоҳлай олмайди. Аёллар етакчи бўлган давлатларнинг умумий жиҳати ҳам йўқ, улар диний, миллий ва ҳудудий жиҳатдан ўта ранг-баранг.