3 феврал куни Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Раимов (Абдулазиз Муборак) Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев томонидан таҳририятга босим ва таҳдид бўлаётгани ортидан ишдан бўшашини маълум қилганди. Ушбу ҳолат юзасидан Дин ишлари бўйича қўмита расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, Дин ишлари бўйича қўмита виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади ва бу борада бир қанча ваколатларга эга.

Баёнотда айтилишича, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўриш, республикада чиқариладиган ёки чет эллардан келтириладиган диний тусдаги маҳсулотларни (матбуот ва электрон нашрларни, аудио, видео кассеталарни, CD, DVD ва бошқа электрон ташувчиларни, Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида жойлаштирилган диний материалларни) экспертизадан ўтказиш фаолиятини мувофиқлаштириш Дин ишлари бўйича қўмитанинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти Азон.уз сайтида эълон қилинган мақолаларни олдириб ташлаш бўйича ҳеч қандай топшириқ бермаганини таъкидлади.

«Шундан келиб чиқиб, Дин ишлари бўйича қўмита диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатишда диний-маърифий сайтларга йўналиш ва тавсия бериши мумкин. Лекин, қайсидир сайтдан қандайдир маълумотни олдириб ташлаш ёки олиб ташлашга мажбур қилиш ваколатига эга эмас.

Шунга кўра, Azon.uz сайтида эълон қилинган муайян мақолаларни олдириб ташлаш бўйича Қўмита раҳбарияти томонидан ҳеч қандай топшириқ бўлмаганини қатъий маълум қиламиз.

…Баёнот якунида, юртдошларимизга яна бир бора, Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти томонидан Azon.uz сайти таҳририяти ва жамоасига мақолани олдириб ташлаш бўйича босим бўлмаганини, аксинча сайтда берилаётган хабар ва мақолалар кенг халқ оммасига мўлжаллангани учун фойдали ва холис бўлиши борасида доимий ҳамкорлик қилиб келаётганини билдирамиз», дейилади баёнотда.

Лекин, қўмита баёнотида Дилшод Эшнаев сайт муассиси Мубашшир Аҳмадни ҳақорат қилгани борасида умуман ҳеч нарса дейилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Раимов таҳририятга босим ва таҳдид бўлгани сабаб ишдан бўшаш ҳақида баёнот берган эди.