Вазирлар Маҳкамасининг 2 февралдаги «Термиз халқаро савдо маркази» эркин савдо зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Norma’нинг ёзишича, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
- «Термиз халқаро савдо маркази» ЭСЗ таркибига кирувчи ҳудудлар чегараси;
- «Термиз халқаро савдо маркази» ЭСЗ дирекцияси» ДУК тузилмаси;
- «Термиз халқаро савдо маркази» ЭСЗ дирекцияси» ДУК устави;
- «Термиз халқаро савдо маркази» ҳамда «Термиз» ЭИЗнинг муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури.
Дирекция юридик шахс ҳисобланади, алоҳида мулкка, мустақил балансга, банкларда ҳисобварақларига, шу жумладан валюта ҳисобварақларига, эмблемага, штамплар ва бланкаларга ва бошқа реквизитларга эга бўлади. Дирекция Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри, Термизий кўчаси, 1А-уй манзилида жойлаштирилади. Вазирлар Маҳкамаси Дирекциянинг муассиси ҳисобланади.
Дирекциянинг асосий мақсади «Термиз халқаро савдо маркази» ЭСЗни ривожлантириш давлат дастурларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини, шунингдек ЭСЗ ҳудудида алоҳида ҳуқуқий режимга риоя этилишини таъминлаш орқали оператив бошқариш, ЭСЗ иштирокчиларига хизматлар кўрсатишдан ҳамда уставда назарда тутилган бошқа хизматларни кўрсатишдан фойда олиш ҳисобланади.
Қуйидагилар Дирекция фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:
- «Термиз халқаро савдо маркази» ЭСЗ ҳудудида махсус ҳуқуқий режимнинг амал қилишини таъминлаш;
- салоҳиятли инвесторлар ва ЭСЗ иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорликни, шу жумладан инвестиция буюртманомасини кўриб чиқиш ва танлаб олиш учун қабул қилишни, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига уланиш учун зарур рухсатномалар беришни «ягона дарча» тамойили асосида ташкил этиш;
- «Термиз халқаро савдо маркази» ЭСЗни ривожлантириш дастури амалга оширилишини таъминлаш;
- ЭСЗ иштирокчиларининг реестрини юритиш;
- ЭСЗ ҳудудида экологик назорат, шунингдек маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишининг назоратини ташкил этиш.
Дирекцияси ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар ўз маблағлари ва Сурхондарё вилояти маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.












