Бу масала 8 ноябр куни Исломободда Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев ва Покистон Махсус инвестицияларга кўмаклашиш кенгаши (SIFC) бош директори Сажид Амин ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди, деб хабар берди «Дунё» ахборот агентлиги.

Музокараларда Покистон Ташқи ишлар вазирлиги, SIFC'нинг инвестиция ва саноат лойиҳаларига масъул вакиллари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Асосий эътибор икки давлат ўртасидаги анъанавий транспорт йўлагининг ёпилиши оқибатида юзага келган савдо муаммоларига қаратилди. Мазкур чекловлар натижасида ўзаро савдо ҳажми кескин қисқаргани таъкидланди.

Муаммони ҳал этиш учун Покистоннинг Пешовар–Торхам йўналишидан Афғонистон ҳудуди орқали Ўзбекистоннинг Термиз шаҳригача махсус савдо-транзит коридорини ташкил этиш таклиф қилинди.

Ташаббусга кўра, ушбу йўлак орқали юк ташиш алоҳида назорат механизмлари асосида амалга оширилиши мумкин.

Покистон томони амалдаги транспорт чекловлари хавфсизлик билан боғлиқ вазият туфайли жорий этилганини билдириб, Ўзбекистоннинг махсус транзит коридорини ташкил этиш таклифини мақбул деб баҳолади.

Ташаббусни амалий жиҳатдан кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда Покистоннинг тегишли идоралари иштирокида онлайн музокаралар ўтказиш таклиф этилди.

Учрашувда Янги Тошкент лойиҳасига Покистоннинг йирик қурилиш компанияларини жалб этиш масаласи ҳам кўтарилди.

Покистон томонига Янги Тошкентнинг инвестициявий имкониятлари ва хорижий сармоядорлар учун яратилган шароитлар тақдим этилди.

SIFC раҳбарияти молиявий салоҳиятга эга ва ишончли Покистон компанияларини ушбу лойиҳага жалб этишда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Шунингдек, 2026 йилда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган «Янги Ўзбекистон глобал бозорлар чорраҳасида» халқаро бизнес-форумида Покистон ишбилармон доиралари иштирокини таъминлаш масаласи муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида Покистон ҳудудида Ўзбекистон компанияларининг ишлаб чиқариш ва логистика объектларини ташкил этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.