Visual Capitalist инфографикаси Халқаро валюта жамғармаси ҳамда БМТнинг Comtrade базаси маълумотлари асосида тайёрланган. Унда 2000 ва 2025 йилларда мамлакатларнинг Хитой, АҚШ ва Европа Иттифоқи билан савдоси таққосланган.
Ҳисоб-китобларда товарлар экспорти ва импорти қўшилган, хизматлар савдоси эса инобатга олинмаган. Таққослаш фақат уч иштирокчи ўртасида ўтказилган: Хитойнинг етакчилиги муайян мамлакат у билан АҚШ ёки Европа Иттифоқининг ҳар бирига нисбатан кўпроқ савдо қилганини англатади. Бу Хитой ўша мамлакатнинг барча ҳамкорлари орасида ҳам биринчи ўринда дегани эмас.
2000 йилда таҳлил қилинган 175 та иқтисодиётнинг 112 тасида Европа Иттифоқи, 53 тасида АҚШ ва 10 тасида Хитой мазкур учлик орасида етакчи бўлган.
2025 йилги маълумотларда Хитой 92 та, Европа Иттифоқи 55 та, АҚШ эса 32 та мамлакат ва ҳудуд билан савдода биринчи ўринни эгаллаган.
Ҳар икки йил учун маълумот мавжуд бўлган 175 та иқтисодиётнинг 88 тасида учликдаги етакчи ҳамкор ўзгарган. Шундан 81 тасида биринчи ўрин Хитойга ўтган: 57 тасида у Европа Иттифоқини, 24 тасида эса АҚШни ортда қолдирган.
Энг сезиларли ўзгаришлар Осиёда кузатилган. Япония, Жанубий Корея, Тайван, Сингапур, Филиппин, Таиланд ва Малайзия 2000 йилда учлик орасида энг кўп АҚШ билан савдо қилган бўлса, кейинчалик Хитой олдинга чиққан. Австралия ва Янги Зеландияда эса Хитой Европа Иттифоқи ўрнини эгаллаган.
Форс кўрфази мамлакатларида ҳам шундай силжиш юз берган. Осиёда нефтга талаб ошиши фонида Саудия Арабистони, БАА, Қатар ва Кувайт савдосида Хитойнинг ўрни кучайган. Россияда эса 2022 йилда Ғарб санкциялари жорий этилгач, савдонинг шарққа йўналиши тезлашган.
АҚШ ва Европа Иттифоқи ўзларига яқин минтақаларда кучли мавқеини сақлаб қолган. АҚШ Канада, Мексика, Марказий Америка ва Кариб ҳавзасининг аксарият давлатлари билан савдода етакчи. Европа Иттифоқи эса унга аъзо бўлмаган кўплаб Европа мамлакатлари, шунингдек, Шимолий ва Ғарбий Африканинг қатор давлатларида устунликка эга.
Хитойнинг ташқи товар савдоси 2000 йилдаги 470 миллиард доллардан 2025 йилда 6,4 триллион долларга етган. Бу қарийб 14 бараварлик ўсишдир. Шу даврда Европа Иттифоқи савдоси 3,4 баравар, АҚШники эса 2,9 баравар кўпайган.
Хитойнинг 2001 йил декабрида Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бу ўзгаришнинг муҳим омилларидан бири бўлган. Аъзолик экспортчиларнинг ташқи бозорларга кириш шароитларини барқарорлаштирган ва савдо имкониятларини кенгайтирган.
















