«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган, Угом-Чотқол миллий табиат боғи ҳудудидаги дам олиш маскани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди. Компания бу ҳақдаги маълумотларни «асоссиз ва нохолис» деб атаган.

Баёнотда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилдаги қарорига асосан, Угом-Чотқол миллий табиат боғи тасарруфидаги «Шоввозсой» ўрмон хўжалиги ерлари «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига темирйўлчилар ва уларнинг оила аъзолари, компаниянинг хорижий ҳамкорлари, мамлакат аҳолиси ва чет эллик сайёҳлар учун замонавий экотуризм масканини барпо этиш ва мавжуд экотизимни сақлаб қолиш мақсадида ажратилган.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

«Бу ерда 2011 йилдан бошлаб, яъни 10 йил давомида босқичма-босқич қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилган. Барча инвестициялар темир йўл компаниясининг бюджетдан ташқари маблағлари, жумладан даромадлари ҳисобидан амалга оширилган», – дейилади билдиришда.

Қайд этилишича, ўтган ўн йил давомида дам олиш маскани қурилишига сарфланган инвестициялар ҳажми 495 миллиард сўмни ташкил этган.

«Шу билан бир қаторда, миллий боғ ҳудудида табиат ва ҳайвонот оламини сақлаш ва ривожлантириш учун зарур инфратузилмалар яратилди, объектгача электр тармоқлари тортилди, автомобиль йўли ва кичик сув омбори барпо этилди.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари
Фото: Ўзбекистон темир йўллари
Фото: Ўзбекистон темир йўллари
Фото: Ўзбекистон темир йўллари

Айни пайтда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасарруфидаги «Назарбек», «Чимён», «Хожикент», «Омонхона» каби дам олиш масканлари, шунингдек «Шоввозсой» мажмуаси ҳам компанияда фаолият юритаётган қарийб 90 минг темирйўлчилар ва аҳолимизга сифатли хизматларни кўрсатиб келмоқда.