Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабаларнинг ётоқхоналарга бўлган эҳтиёжи ҳақида маълумот берди.
«Олий таълимда қабул квоталари қарийб 3 бараварга ошди, лекин талабалар ётоқхоналарида ўринлар сони атиги 25 фоизга ошди, холос. Шунинг учун кўплаб талабалар ижарада яшаб, муаммоларга дуч келмоқда. Ҳозирда республикада 228та талабалар турар жойида 58 минг талаба истиқомат қиляпти, 2017 йилда эса 194та талабалар турар жойида 50,5 минг талаба яшаган.
Ётоқхоналарда яшашга эҳтиёжи бўлган талабалар сони 149,4 мингни ташкил этади.
Таълим тизимига сиртқи, кечки таълим шакллари киритилиши талабаларнинг ётоқхоналарга бўлган талабини янада оширди. Сиртқи бўлимга ўқишга кирган талабанинг бир ой бўлса ҳам талабалар турар жойида яшашга эҳтиёжи бор. Чунки унинг ўша жойда қариндоши бўлмаслиги ёки ижарада имкони бўлмаслиги мумкин. Буни амалиётда ўзимиз кўрдик», деди вазир Абдуқодир Тошқулов.











