Ўзбекистон | 17:15 / 09.03.2021
28039
2 дақиқада ўқилади

54 ёшдан имтиёзли пенсия тайинланган аёллар сони маълум қилинди

1999 йил 1 июлдан 2021 йил 1 мартга қадар 457 минг нафардан ортиқ аёлга 54 ёшдан имтиёзли асосда ёшга доир пенсия тайинланган.

Пенсия жамғармаси ўтган 22 йил давомида қанча аёлга 54 ёшдан ёшга доир имтиёзли пенсия тайинлангани ҳақида маълумот берди. Унга кўра, давлат томонидан 1999 йил 1 июлдан 2021 йил 1 мартга қадар 457 минг нафардан ортиқ (20 йиллик меҳнат стажига эга бўлган) аёлларга имтиёзли пенсия тайинланган.

Хусусан, 1999 йилда 4 минг 960 нафар аёлга шундай имтиёз берилган бўлса, 2010 йилга келиб бу кўрсаткич 22 минг 305 нафарни, 2020 йилда эса 35 минг 584 нафарни ташкил этган. Ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йил январ-феврал ойларида 5 минг 261 нафар аёлга 54 ёшдан имтиёзли асосда ёшга доир пенсия тайинланган.

Маълумот учун, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунда аёллар 55 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлиши қайд этилган. Қонуннинг 12-моддасида эса 20 йиллик меҳнат стажига эга бўлган аёлларга 54 ёшдан ёшга доир имтиёзли пенсия тайинлаш мумкинлиги белгиланган.

Жамғарманинг маълум қилишича, дунё ва МДҲ давлатларининг пенсия қонунчилигида аёлларга 54 ёшдан имтиёзли асосларда ёшга доир пенсия тайинлаш назарда тутилмаган.

Аввалроқ, иш стажи тўлиқ бўлмаган фуқарога пенсия қандай тартибда тайинланиши ҳақида маълумот берилган эди. Шунингдек, Пенсия жамғармаси томонидан иш стажига эга бўлмаган фуқароларнинг пенсия олиш ҳуқуқи йўқлиги эслатилганди.

Мавзуга оид