Баҳор келиб, кунлар яна исиб, дарахтлар яна гуллаётган вақтда Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган совуқ ҳаво ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Kun.uz мухбири мамлакатда ноқулай об-ҳаво қанча муддат давомида сақланиб туришига аниқлик киритиш мақсадида «Ўзгидромет» матбуот котиби Мунисахон Асилхўжаевага мурожаат қилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон ҳудудига 13-14 мартда Волга бўйи орқали Россиянинг (Москва вилояти) Европа ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади.
13-14 мартда республикада ёғингарчилик (ёмғир, 14 мартга ўтар кечаси қорга айланади), баъзи жойларда кучли бўлади. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида 13 мартда қор ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин.
14-15 мартда ҳарорат кечалари 2-7° совуққача, кундуз кунлари 2° совуқ- 3° илиққача, Қорақалпоғистонда кечалари 10-15° совуққача, кундуз кунлари 2-7° совуққача, Хоразм вилоятида кечалари 6-11° совуққача, кундуз кунлари 0-5° совуққача пасаяди.
13-14 мартда республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, баъзида эса 25-28 м/с гача кучайиши мумкин.

«Бундай об-ҳаво 15-16 март кунларида ҳам давом этади. Лекин у кунлардаги аниқ ҳарорат бўйича тасдиқланган маълумотлар алоҳида эълон қилинади», деган у.












