Фото: Kun.uz

6 март куни UzAuto Motors автомобилларини Ўзбекистон бўйлаб ташувчи автовозлар ҳайдовчилари иш ташлаш ўтказиб, маош камлигидан шикоят қилганди. Хусусан, Kun.uz суҳбатлашган ҳайдовчилардан бири ойлиги икки баробардан кўпроққа камайганини айтганди.

Ундан аввалроқ, 2–3 март кунлари Асакадаги автозаводга пресс-тур уюштирилиб, матбуот анжумани ҳам ўтказилганди. Унда Kun.uz мухбири корхона ишчиларидан ойлик камлиги борасида таҳририятга мурожаатлар бўлаётганини айтиб, бу борада изоҳ сўради.

Саволга UzAuto Motors бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов ва «Ўзавтосаноат» Стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Рустам Қодиров жавоб берди.

«Кореядаги 400 мингта автомобил ишлаб чиқарувчи «GM» заводида тўрт-беш минг одам ишлайди. Ишлаб чиқариш роботлаштирилган. Бизда кўпроқ ишчи ишлайди. Улардаги яшаш шароити, маошлари билан биздаги шароитни солиштириш қийин.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратамиз. Бизда ишлаб чиқарилаётган Spark моделини олайлик. Айнан мана шу моделининг нархи бизда 7 минг АҚШ доллари бўлса, уларда анча қиммат.

Яқинда «Nissan» заводи мутахассислари ҳам Sparkнинг биздаги нархини кўриб ҳайрон қолишди. Улар: «Нега сизлар дунёда 10, 15 минг доллар атрофида сотиладиган Sparkни 7 минг доллардан сотяпсизлар», дейишган.

Рустам Қодиров, «Ўзавтосаноат» АЖ Стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи 

Мана шу жиҳатлари билан солиштирганда, бизнинг ва Кореядаги ишчиларнинг ойликлари деярли бир хил бўлади. Бизнинг мақсадимиз шундан иборатки, ишлаб чиқаришни кўпайтириб, сўнг ишчилар маошини кўпайтирмоқчимиз.

Мабодо заводни худди Кореядагидек автоматлаштирсак, ишчилар ойлиги кўтарилади, лекин уларнинг тенг ярмини ишдан бўшатишга тўғри келади», – деди «Ўзавтосаноат» Стратегик режалаштириш бошқармаси бошлиғи Рустам Қодиров.