У ҳозир 28 ёшда, шу пайтга қадар бакалавр ва магистратурани тугатган, дастурлаш бўйича бир неча йиллик тажрибага эга кадр.
Канадада фаолият юритаётган, мигрантлар учун ҳуқуқий маслаҳатлар беришга ихтисослашган Immigration shop лойиҳаси муаллифи Раҳмат Собиров Amazon компаниясида дастурчи-муҳандис бўлиб ишлаётган ўзбекистонлик Бекназар Абдикамолов билан суҳбатлашди. Дастур бошловчисининг қайд этишича, дастурчи-муҳандислик Канадада талаб юқори бўлган мутахассисликлардан бири ҳисобланади.
Бекзод дастлаб Жанубий Кореяда компьютер илми ва математика мутахассислиги бўйича таълим олади. Кореяда унинг илк иш фаолияти бошланади, веб дастурлар ва мобил иловалар билан боғлиқ илк стартапларини амалга оширади. Кореядаги 9 йиллик ҳаётдан сўнг Amazon’да ишлаш учун Канаданинг Ванкувер шаҳрига келади. У ҳозир 28 ёшда, шу пайтга қадар бакалавр ва магистратурани тугатган, бир неча йиллик тажрибага ҳам эга бўлган.
Кичиклигимдан келажакда ким бўлишим аниқ эди...
Ўсмирлик йилларимдан компьютер илмини ўрганишга қизиққанман. Кодлашни ўрганиш учун жуда кўп шуғулланганимдан бу кўриш қобилиятимга ҳам таъсир қилган ўшанда. Юқори синфларни математика ва инглиз тилига ихтисослашган мактабда ўқиганман, инглиз тили ва математикадан турли олимпиадаларда қатнашганман. Менда келажакка нисбатан катта мақсадлар бор эди, келгусида яхши нарсаларни ўйлаб топишни, кўп нарсага эришишни хоҳлаганман.
Кўпчилик кичик ёшидан келажакда ким бўлиши, қаерда ўқиши ҳақида ўйлайди, турлича режалар қилади. Лекин мен болалигимданоқ ким бўлишимни яхши билардим: компьютер соҳасига оид касбни танлашим аниқ эди. Бошқа касб ҳақида ҳатто ўйлаб ҳам кўрмаганман.
Мен учун энг яхши тўлов
Илк ишлатган компьютерим дадамнинг иш компьютери эди. Монитори жуда катта, олдида процессори алоҳида қўйилган эски авлод компьютери... Ўша компьютердан илк бор фойдаланиб, техникага меҳрим тушган.
Уйда эса шахсий компьютерим йўқ эди. Онамнинг ишхонаси уйимизга яқин бўлган. У ерда компьютер борлиги сабаб кўп бориб турардим. Бундан ташқари, онамнинг офиси билан битта бинода индустриал йўналишдаги аудит фирмаси ҳам жойлашганди. Мен у ердаги ходимларга интернетдан қандай қилиб фойдаланиш, файлларни юклаб олиш, маълумотлардан фойдаланишни ўргатардим. Улар бунинг учун пул тўламаган, лекин эвазига интернетдан фойдаланишга рухсат берган. Бу менинг учун энг яхши тўлов эди.











