Ўзбекистон | 14:35 / 19.03.2021
16939
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари ёмғирли об-ҳаво бўлиши кутилмоқда

Бугун Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи орқали Кавказ ҳудудлари устида шаклланган нам ва деярли салқин ҳаво массалари кириб келиши бошланди. Шимолий ҳудудларда бироз ёмғир ёғди, Бухоро, Навоий вилоятларида кун давомида бироз ёмғир ёғиши мумкин.

«Ўзгидромет» хабарига кўра, республиканинг қолган ҳудудларида кун давомида қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Куннинг ўртасига келиб, ҳаво 20-25 даража иссиққача кўтарилади. Фақат кечга томон атмосфера фронти яқинлашишида баъзи жойларда ёмғир бошланади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республикада шамолнинг 17-22 м/с гача, айрим жойларда эса 23-28 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

20 март куни ҳаво массалари кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади. Аксарият туманларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ва Фарғона водийсида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 10-15 даража илиққача пасаяди. Баъзи жойларда шамол 17-22 м/с гача кучаяди.

Байрам куни, 21 мартда Фарғона водийси вилоятларида момақалдироқ билан ёмғир ёғади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин, Тошкент вилоятида эса ёмғир фақат кечаси ва эрталаб ёғиши мумкин.

22 мартда республиканинг барча ҳудудларида (шимолий ҳудудлардан ташқари) ҳаво илиқ ва қуруқ бўлади. Ҳаво ҳарорати 21-22 мартда 15-20 даража илиққача кўтарилади.

Мавзуга оид