Ўзбекистон | 17:16 / 19.03.2021
3485
2 дақиқада ўқилади

Наманганда эрининг машинасини бошқарган аёл ЙПХ ходимини уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетди

Фото: KUN.UZ

Наманган вилоятида эрининг машинасини бошқарган аёл ЙПХ ходимини уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган. Бу ҳақда вилоят ЙПХ ахборот хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, «Lacetti» ҳайдовчиси ЙПХ инспекторининг тўхташ ишорасига бўйсуниш ўрнига уни уриб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетган.

Оқибатда, инспектор Солиев бош мия чайқалиши, ўнг сон юқори соҳаси юмшоқ тўқималарининг енгил шикастланиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган. Ходимлар томонидан қидирув ва суриштирув ишлари натижасида ҳодиса сабабчисининг шахсига ойдинлик киритилган ва автомобил жарима майдончасига жойлаштирилган.

«Соат 22:30 ларда шаҳар ҳокимлиги олдига бир фуқарога қарзимни бериш учун келдим. Машинам ичида болаларим бор эди. Пулни бераман деб турган пайтимда мазам қочди, яқинда даволаниб чиққанман. Озгина беҳаловат бўлдим, аёлимга рулни бериб, шифохонага олиб боришини айтдим», — дейди машина эгаси.

«Lacetti» ҳайдовчиси рафиқасининг сўзларига кўра, у машинани бошқариш вақтида ЙПХ ходими йўлдан бирданига чиқиб қолганидан қўрқиб кетиб, шокка тушиб қолган. «Турмуш ўртоғимнинг мазаси бўлмаётганди, ЙПХ ходими йўлдан бирданига чиқиб қолганидан қўрқиб кетдим, шокка тушиб қолдим, шу сабабли уриб юбордим», — дейди ҳайдовчининг рафиқаси.

Мавзуга оид