Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, тезкор тадбир хизматнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, вилоят Божхона ва Ички ишлар бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган.

Тадбир давомида фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи хусусий корхона раҳбари ва ишчиси бўлган ака-ука ташкил этган яширин омбор аниқланган. Улар 1983 ва 1986 йилларда туғилган.

Ертўлани кўздан кечириш жараёнида 412 турдаги жами 67 923 бирлик дори воситаси топилиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Уларнинг умумий тахминий қиймати 5,6 млрд сўм деб баҳоланган.

Дори воситалари бўйича судга оид кимёвий ва товаршунослик экспертизалари тайинланган. Ҳозирда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.