Давлат хавфсизлик хизмати хабарига кўра, тезкор тадбир ДХХнинг Жиззах ва Наманган вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган.
Унда 20 минг, 50 минг, 100 минг ва 200 минг сўм номиналдаги қалбаки банкнотларни тайёрлаш ва сотиш ҳолати фош этилган.
Поп туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган ҳамда Избоскан туманида истиқомат қилувчи, 1999 йилда туғилган икки шахс 37,4 млн сўмлик қалбаки пулни шартли харидорга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Уларни шахсий тинтув қилиш ва бошқарувидаги «Ласетти» автомобили салонини текшириш жараёнида жами яна 6,4 млн сўмлик қалбаки пул борлиги аниқланган.
Тезкор тадбир давомида избосканлик фуқаронинг яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилган. У ердан қўшимча 7,7 млн сўмлик қалбаки пул топилган.
Шунингдек, хонадондан турли купюралар тасвири чоп этилган 145 дона оқ қоғоз, компютер, рангли принтер ва бошқа ашёлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов доирасида уларнинг эҳтимолий жиноий алоқаларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.








