Президентнинг “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази негизида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Зўрлик ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази ва унинг ҳудудий бўлимларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Белгилаб қўйилишича:

  • марказ ўз фаолиятини анонимлик, ахборот махфийлиги, касбий маҳорат ва хавфсизлик принциплари асосида амалга оширади;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз фаолиятини марказ билан унинг ишига аралашмаган ҳолда яқин ҳамкорликда олиб боради.

Қуйидагилар марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган шахсларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш;
  • оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга кўмаклашиш;
  • давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг хотин-қизлар ва вояга етмаганларнинг ўз жонига қасд ва суиқасд қилиши ҳолатларини ўрганиш, уларнинг олдини олишга қаратилган, шу жумладан ўз жонига суиқасд қилган шахсларни нормал ҳаётга қайтариш бўйича ишларини мувофиқлаштириш;
  • “Аёллар дафтари”га киритилган психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизларни (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар) ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва дафтарлардан чиқариш чораларини кўриш;
  • низоли вазиятларни, оилавий-маиший зўрлик ишлатишни ва ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни, уларнинг келиб чиқишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни таҳлил қилиш, умумлаштириш ва уларга барҳам бериш бўйича илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш.
  • ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган ёки ўз жонига қасд қилган хотин-қизларни ва болалар билан бирламчи ва изчил профилактика тадбирларини ўтказиш;
  • оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатилишига дуч келган хотин-қизларни касб-ҳунарга йўналтиришга кўмаклашиш;
  • долзарб ижтимоий муаммоларни аниқлаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ижтимоий тадқиқотларни ташкил этиш;
  • зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш, ушбу мақсадларда оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларидан кенг фойдаланиш.

Белгиланишича, марказга қуйидагилар:

  • зўравонликдан жабрланган (уриш, дўппослаш, қийнаш, азоб бериш йўли билан ёки қонунга хилоф бошқа ҳаракатлар воситасида руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилган хотин-қизлар ва уларнинг фарзандлари);
  • ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар ва 14 ёшга тўлмаган вояга етмаган шахслар жойлаштирилади.