Norma’нинг ёзишича, ҳужжат билан президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-3666-сон қарори 1-иловасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Адлия вазирлигига юкланган асосий вазифалар рўйхати кенгайтирилиши муносабати билан унинг қуйидаги соҳаларда амалга ошириши лозим бўлган функциялари белгиланди:

  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан, шу жумладан Ҳисоб палатаси билан биргаликда соҳалар, ҳудудлар ва идоралар кесимида манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишлар олиб бориш ва жойлардаги ҳолат мониторингини юритиш;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг амалда бажарилишига тўсқинлик қилаётган муаммолар ва омилларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар олдига аниқ масалаларни қўйиш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш, соҳага хос бўлмаган, такрорланувчи вазифа ва функцияларни қисқартириш, уларда ортиқча қоғозбозлик ва мажлисбозликка йўл қўймаслик юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларига қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси юзасидан ҳуқуқий-услубий кўмаклашиш, уларнинг тегишли бўлинма раҳбарларини ижро интизомига риоя этилиши бўйича ўқитишда иштирок этиш.

Адлия вазирлиги томонидан бошқа соҳаларда амалга ошириладиган функцияларга ҳам тузатиш ва қўшимчалар киритилди.

Вазирлик норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалиётда қўллашдаги коррупциявий хавфларни таҳлил қилади ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларидаги коррупцияга сабаб бўладиган нормаларни аниқлайди, уларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўради ва тавсиялар ишлаб чиқади.

Шунингдек, вазирлик қуйидагиларни амалга оширади:

  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини «Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда» рукни остида оддий ва халқчил тилда тушунтириш бўйича видеороликлар, инфографикалар ва бошқа кўргазмали материаллар тайёрлайди ҳамда уларни телевидение ва ижтимоий тармоқларда ёритиб боради;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижроси натижалари юзасидан видеороликлар тайёрлайди;
  • қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати бўйича «Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда» рукни остида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ва «Тараққиёт стратегияси» маркази иштирокида фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ ва фуқароларни жалб қилган ҳолда телекўрсатувлар тайёрлайди.