“Республикада қора олхўри етиштириш ва экспорт ҳажмларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар” уюшмасининг республика ҳудудларида хорижий давлатлар тажрибаси асосида қора олхўри етиштиришни кўпайтириш ва экспортга йўналтириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.
Ташқи ишлар вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
- республикада қора олхўри пайвандтаги ва кўчатларни кўпайтириш мақсадида илғор тажрибаларни ўрганиш учун соҳага тегишли бўлган вазирлик, идоралардан малакали мутахассисларни АҚШ, Канада ва Чили давлатларига юборади;
- Ташқи ишлар вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг виза талабномаларига биноан, республикада қора олхўри етиштириш соҳасини ривожлантириш мақсадида мутахассисларнинг хорижий мамлакатларга чиқиши ва жалб этиладиган хорижий мутахассислар кириши учун визалар консуллик йиғимлари ундирилмасдан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилишини таъминлайди.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги:
- “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар” уюшмаси таклифига асосан илғор хорижий давлатларнинг “in vitro” лабораторияси шароитида етиштирилаётган қора олхўри навларини ўрганиб, республика тупроқ-иқлим шароитига мос келадиган навларини танлаб, олиб келиб кўпайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратади;
- “SAG Agro” масъулияти чекланган жамиятининг “in vitro” лабораторияси тўла қувват билан ишлаши, қора олхўри кўчатини кўпайтиришни 2023 йилга қадар 4 млн донага етказишни йўлга қўйиш ҳамда фермер хўжаликларини ўргатиш мақсадида Самарқанд вилоятида намунали қора олхўри плантациясини ташкил этади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:
- ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим ва сув ресурслари билан таъминланганлик даражасидан келиб чиқиб, 2021-2022 йилларда қора олхўризорларни барпо этишга мос келадиган ҳудудларни аниқлайди;
- экспорт ҳажмларини ошириш учун ҳудудларда плантация усулида қора олхўри етиштирадиган лойиҳа ташаббускорлари рўйхатини шакллантиради;













