Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
MIMAR Group ва Аджу университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди
MIMAR Group қурилиш холдинги ва Аджу университети қурилиш соҳасидаги ёш мутахассисларни тайёрлаш ва қўллаб-қувватлаш масаласида келишувга эришди.
Айни вақтда Ўзбекистон қурилиш соҳасида жадал ривожланиш кузатилмоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ялпи ички маҳсулот таркибидаги қурилиш тармоғининг улуши 2019 йилдаги 6,9% дан 2020 йил якунига кўра 7,4% гача ўсди.
Қурилиш соҳасидаги ривожланиш тенденциялари ва амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда, MIMAR Group компанияси қурилиш соҳасидаги таълим ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорлик қилишни ўз асосий стратегик мақсадларидан бири сифатида белгилаб олган.
2021 йилнинг 1 апрел куни Тошкент шаҳрида MIMAR Group қурилиш холдинги ва Аджу университети ўртасида кадрларни тайёрлаш бўйича англашув меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда MIMAR Group директори Ферузбек Давронов, Тошкент шаҳридаги Аджу университети ректори Ғайрат Муратов, биринчи проректор Лим Джей Ик ҳамда ўқитувчилар ва талабалар иштирок этишди.

«Имзоланган меморандум MIMAR Group учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни чуқурлаштиришга ҳамда ёш мутахассислар учун барча зарур шароит яратишга хизмат қилади», – деди Ферузбек Давронов.
Ўз навбатида, Тошкент шаҳридаги Аджу университети ректори Ғайрат Муратов олий таълим муассасасида 2020-2021 ўқув йилида бакалавриатнинг «Архитектура», «Қурилиш муҳандислиги», «Электротехника ва компьютер муҳандислиги» таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланаётганини таъкидлаб, ёш кадрларни қўллаб-қувватлагани учун MIMAR Group компаниясига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Англашув меморандумидан кўзланган мақсад – ёш мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва илмий-назарий фаолиятини қўллаб-қувватлашдир.
Эришилган келишувлар натижаларига кўра, кадрлар тайёрлашда замонавий таълим усуллари ҳамда компьютер ва 3D технологиялари жорий қилинади. Шунингдек, университетнинг тегишли таълим йўналишлари бўйича талабаларни 2-курсдан бошлаб MIMAR Group компаниясида малакавий амалиётлари ўтказилиши, уларнинг амалий машғулотларини бевосита қурилиш объектларида ташкиллаштириш ҳамда битирувчиларни ишга жойлаштириш режалаштирилган.
Реклама ҳуқуқи асосида