«Бавария» - «ПСЖ»

Чорак финалнинг энг катта тўқнашуви, албатта, Германия ва Франция чемпионлари ўртасидаги ўйинлардир. «Реал» ва «Ливерпуль» мухлислари хафа бўлишмасин-у, бугунги кундаги Европа футболидаги мувозанат айнан шу томонда. Айнан шу икки клуб ўтган йилги финалда тўп сурганининг ўзиёқ, ҳар қандай фактни четга чиқаради. Август ойида бўлиб ўтган финалда парижликларнинг собиқ футболчиси Команнинг голи немисларга ғалаба келтирганди.

Жамоалар ўша финалдан олдин ҳам ЕЧЛ доирасида кўп марта тўқнаш келишган. Саккиз учрашув ва уларнинг барчаси гуруҳ босқичига тўғри келган. 1994/95 йилги мавсумда ҳар икки ўйинда парижликларнинг қўли баланд келган бўлса, 1997, 2000 ва 2017 йиллардаги олти учрашувнинг барчасида мезбон жамоалар ғолиб чиқишган. Бу жамоалар ўша гуруҳларда ҳар сафар биринчи ва иккинчи ўринларни банд этишган. Фақат 1997/98 йилги мавсумда гуруҳдан фақат бир жамоа кейинги босқичга чиққани учун «ПСЖ» гуруҳда қолиб кетган. Демак, ҳали бирор марта «ПСЖ» «Бавария»ни курашдан чиқариб юбориб, совринсиз қолдирмаган экан.

Робертсиз «Бавария» қандай ўйнайди?

«Бавария» Роберт Левандовскисиз қандай «Бавария» бўлишини тасаввур қилиш мушкул. Ҳужумчи жамоа учун энг муваффақиятли ҳисобланган охирги икки мавсумда 94 фоиз ўйинларда майдонга тушган. Энг катта ўйинларда ҳам, қийинчилик туғдирган оддий баҳсларда ҳам Роберт катта саҳнага чиққан. Унинг жамоадаги ўрни қатъий эканидан «Бавария» ўринбосар ҳужумчи топишни ҳам ўйламаган ёки ўйлаган тақдирда ҳам, савияли ҳужумчи фақатгина захира варианти бўлишга рози бўлмагандир. Айниқса, ушбу мавсумда Левандовскининг Мюллер билан жуфтлиги «Бавария» голларининг асосий қисмида иштирок этишган. Энди тасаввур қилинг, мана шу футболчи «ПСЖ»га қарши баҳсларда майдонга туша олмайди. Бу гўёки Мессисиз «Барселона»дек гап, ҳатто Неймар ёки Мбаппе Парижда бу қадар аҳамиятли эмас. Албатта, бу жуфтликнинг асосий саволи – «Бавария» Левандовски ўрнини қандай тўлдиради?

«Лейпциг»га қарши ўйинда ҳужумда Шупо-Мотинг ҳаракат қилди. Аммо мюнхенликлар «Лейпциг» устидан ғалаба қозонган бўлишса-да, у қадар ишончли кўринишмади.

Парижликларнинг йўқотишлари кичикроқ, лекин Почеттино ҳам дарҳол ишлайдиган, самарали тизим топишга мажбур. Коронавирус юқтириб олгани туфайли Париж клуби тактикасида жуда муҳим фигура бўлган Марко Вератти ўйнай олмайди. Почеттино мураббий сифатида қўл урган энг муҳим қарор – 4-2-3-1 схемасига ўтиш ва Вераттига анча эркин ва муҳим бўлган «ўнлик» позициясини топшириш бўлганди.

Демак, учрашув арафасида ҳар икки рақиб ҳам нафақат муҳим ижрочилардан маҳрум бўлишди, балки, тактик жиҳатдан одатий картинани сақлаб қолиш имкони ҳам йўқ. Яъни ҳар икки мураббий мавжуд услубдан четга чиқиши ва янги ғояларни муҳим паллада футболчиларга етказиб бера олиши керак бўлади. Бу шароитда ўйин ўтган йилги финалдан анча фарқли тарзда, бироз тартибсиз, хатолар билан ўтиши мумкин. Бу ҳолда эса, табиийки, индивидуал юлдузлар катта саҳнага чиқишади. Ҳар икки томонда ҳам ундай футболчилар етарли.