Венсан Компани кутилмаганда эҳтиёткор ўйин услуби танлади Луис Диасни захирада қолдириб, кўпроқ ҳимояга ёрдам берадиган Станишични туширди. «Бавария» олдинги чизиқда кучли прессинг билан ўйнашдан воз кечди ва қарши ҳужумларга таянди.
Лондонликлар ўйин стартидаёқ ҳужумдаги асосий ижрочиларидан бири Букайо Сакани йўқотди. Ўнг қанот вингери йўқ жойда жароҳат олди – ўйиндан кейин чиққан хабарларга кўра футболчи декабргача сафга қайта олмаслиги мумкин.
Артета Саканинг ўрнига Эберечи Эзени майдонга ташлади ва айнан у 25-дақиқада «Арсенал»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Мартин Эдегор майдоннинг иккинчи қисмида туриб тўпни ҳимоячилар ортига етказиб берди, Эзе офсайд чизиғида ҳаракат қилиб бу пасга етиб борди ва осонлик билан Мануэл Нойерни доғда қолдирди.
10 дақиқа ўтиб «Бавария» жавоб қайтарди. Бутун ўйин давомида орқароққа тушиб ўйнаган Ҳарри Кейн худди Эдегорники каби идеал пас берди. Ҳимоя чизиғини кесиб ўтган тўпга Алфонсо Дэвис етиб борди ва Давид Райяга ҳеч қандай имкон қолдирмади.
Иккинчи бўлимда мезбонлар ҳужумкор футбол намойиш этишга ўтишди ва рақибни жарима майдонига қамай бошлади. Бу ўз самарасини берди: Кейннинг зарбасидан кейин тўп йўлини блоклашга уринган Юрриен Тимбернинг қўли ҳавода қолиб кетгани пеналтига сабаб бўлди. Ҳарри 11 метрдан аниқ зарба берди – 2:1.
Мюнхенликлар шундан кейин ҳам ҳужумда ўйнашда давом этишди, аммо иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмида чарчаб қолишди. Шундан кейин «Арсенал» ўйин назоратини қўлига олди, Артетанинг алмаштиришлари бу сафар ҳам ўзини оқлади ва ҳисоб тенглашди. Меҳмонлар бир неча дақиқа давомида рақибнинг кўзини очирмади ва бу штурм Райс ҳисобни тенглаштириши билан якунланди – 2:1.
Мавзуга оид
Кетма-кет икки ўйинда дуранг қайд этган «Бавария» ҳозирча кучли саккизликдан ташқарида. «Арсенал» эса ЕЧЛ умумий гуруҳ босқичида 15 ўйиндан иборат ғалабали сериясини тўхтатган бўлса-да, 7 очко билан кучли саккизликда қолмоқда.
Кейинги турда «Бавария» 4 ноябрга ўтар кечаси «Атлетико»га қарши сафарда ўйнайди, «Арсенал» Прагада «Славия» клуби меҳмони бўлади.
Ла лига ўйинларидан дисквалификация қилинган Винисиус Жуниор ЕЧЛда тушишда давом этмоқда, ундан яхшироқ формадаги Ян Диоманде эса собиқ жамоасига қарши ўйинни захира ўриндиғида бошлади.
Ўйиннинг биринчи бўлимида Тибо Куртуа асосий қаҳрамонга айланди. У Ромулунинг хавфли зарбасини қайтарди ва Нкунку билан дуэлда устун келди. Бўлим охирида эса Бернарду Силва мадридликлар сафидаги илк голини урди: Арда Гулернинг мураккаб зарбасидан кейин Куртуанинг Белгия миллий жамоаси сафидаги ўринбосари Вандервордт рикошетга қарамай, сейв ижро этганди, аммо тўпга биринчи бўлиб португалиялик яримҳимоячи етиб келди.
Иккинчи бўлим бошида эса «Реал» ҳисобни қулай кўринишга келтирди. Вини ва Жуднинг чап қанотдаги комбинациясидан сўнг тўп жарима майдонига оширилди, Килиан Мбаппе бошда тўпни дарвозабон ҳудудига ташлаб берди, Гулер эса барчадан илдамроқ ҳаракат қилди. Арда ўтган турда «Рома»га қарши ўйинда 2 ассист амалга оширганди, бу турда эса 1+1 қайд этди.
Кейин эса Моуринио барибир Диомандени майдонга туширди ва у бу оқшом ҳам Винисиусдан яхшироқ ўйнади. У аввалига Мбаппега голли узатма берди, кўп ўтмай ўз номига ҳам гол ёздириб қўйди. «Лейпциг» сўнгги дақиқаларда Тибо Куртуани қуруқ ўйиндан маҳрум этди, аммо бу умумий натижага таъсир кўрсата олмади – 4:1.
Кейинги турда «Реал»ни АЕК майдонига сафар кутмоқда, «Лейпциг» эса «Манчестер Сити»ни қабул қилади.
«Комо» илк дақиқаларданоқ рақиб ўйин жиҳатдан жуда ёмон ҳолатда эканини пайқади. Нико Пас 3-дақиқда, илк ҳужумдаёқ ҳисобни очди. «МЮ» бутун бўлим давомида тарқоқ ҳаракат қилди ва танаффусгача бирорта ҳам зарба бера олмади.
Сеск Фабрегас жамоаси эса ҳужум ортидан ҳужум уюштирди, иккинчи бўлимда ўйинни янада кучайтирди. 49-дақиқада Пас Анастасиос Дувикасга ассист берди. 57-дақиқада аргентиналик футболчи тўпни Карлос Балебадан олиб қўйди ва иккинчи голини урди. Ўйиннинг бир соати ортда қолаётганида ҳисоб 3:0 кўринишини олди.
Ўйин охирларида жамоалар биттадан гол уришди. 76-дақиқада мезбонлар ҳимоячиси Хакобо Рамон Кайки Брунонинг узатмасидан унумли фойдаланди. «МЮ» сафида эса захирадан тушган Жошуа Зиркзе қўшимча дақиқаларда ягона жавоб голига муаллифлик қилди.
Бруну Фернандеш ўйиндан кейин Майкл Кэррикнинг тактикасини танқид қилди: «Рақибга персонал ўйнамаслик қарорини мураббийлар штаби қабул қилган – буни мен эмас, улар ҳал қилади. Мен фақат дадилроқ прессинг қилиш, кўпроқ таваккалчилик қилиш ва юқорироққа чиқиб ўйнаш кераклигини айтдим. «Комо» бизга қарши айнан шундай ўйнади».
Энди асосий масала – Кэррик ўз курсисини яна қанча вақт сақлаб қолишида бўлмоқда. Катта эҳтимол билан, Сеск унинг истеъфосини яқинлаштирди.
Кейинги турда «МЮ» ўз уйида «Рома»ни қабул қилади, «Комо» «Ланс» меҳмони бўлади.
«Интер» ўз уйидаги учрашувда анчагача қийналди. «Шахтёр» ҳимояда мардонавор турди, вақти-вақти билан қарши ҳужумлар ҳам уюштирди.
68-дақиқада эса миланликлар жиддий муаммога дуч келди: Алессандро Бастони икки дақиқа ичида иккита сариқ карточка олди: аввалига ҳакам билан баҳслашгани учун огоҳлантирилди, кейин эса Олег Очеретконинг юзига урию юборди ва майдонни эрта тарк этди.
Аммо «Интер» ўн киши бўлиб қолганида ғалаба голини урди. Захирадан тушган Генрих Мхитарян тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб берди,
Карлос Аугусто эса яккама-якка вазиятдан унумли фойдаланди. «Шахтёр» ўйиннинг катта қисмида яхши ҳаракат қилди, аммо биргина хато ўйин тақдирини ҳал қилди.
Кейинги турда «Интер» «Фейеноорд» майдонига сафар қилади, «Шахтёр»ни «Спортинг»га қарши баҳс кутмоқда.
«Вилла» навбатдаги осон ғалабага эришди. 23-дақиқада Росс Баркли Ибраима Мбайе бурчакдан оширган тўпни дарвоза тўрига йўллади. Англиялик ушбу яримҳимоячи 32 ёшда ёрқин ўйнамоқда: ўтган турда «Фенер»га қарши ўйинда дубл ва ассист қайд этганди, бу ўйинда ҳам майдонни голсиз тарк этмади.
37-дақиқада Эмилиано Буэндиа пеналтини аниқ ижро этди, 62-дақиқада Ҳенрик Ҳеггҳейм Алисоннинг зарбасидан кейин ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. «Викинг» ўйин охирида биргина гол билан жавоб қайтарди.
Кейинги турда «Вилла» «Барселона» билан ўйнайди, «Викинг» «Сабаҳ»ни қабул қилади.
«Фейеноорд» вазиятлардан фойдаланишда оқсади. Зеҳиел дарвозабон ҳудудидан туриб тўпни аниқ тепа олмаган эпизод – тур хатосига айланди. «Бетис» шу куни рақибга қараганда кўпроқ ҳужум қилди, 23 бор зарба берди (рақибда 12 та) ва иккинчи бўлимда ўзи ҳақли бўлган голни урди. Аззалзулийнинг фаоллигидан кейин тўп жарима майдони ичида ҳимоячига тегди ва белгиланган пеналтини Иско аниқ ижро этди. Бу зарба Мануэл Пеллегрини жамоасига ЕЧЛни қаторасига уч ғалаба билан бошлаш имконини берди.
Кейинги турда «Бетис» Дортмундда «Боруссия» меҳмони бўлади, «Фейеноорд» – «Интер» билан ўйнайди.
«Спортинг» ўз уйидаги ўйинни кучли бошлаганди. Иранкунда Любичични жарима майдони ичида фол ишлатишга мажбур қилди, Суарес эса пеналтини аниқ ижро этди. Лекин пенатига сабабчи бўлган футболчи тезда айбини ювди. У тўпни олиб қўйиши билан бошланган ҳужумда Ланг ҳисобни тенглаштирди.
Любичич иккинчи голли ҳужумда ҳам муҳим ишни бажарди. У тўпни рақибдан олиб қўйиб, уни жарима майдонигача олиб борди ва Калайжични қулай вазиятга чиқарди. Беш дақиқа ўтиб Данек меҳмонларнинг учинчи голини урди. Бу зарба ЛАСК жамоасига асосий еврокубокдаги илк ғалабани тақдим этди, Суареснинг ўйин охиридаги иккинчи голи натижага таъсир кўрсатмади.
Кейинги турда «Спортинг» «Шахтёр» билан ўйнайди, ЛАСК «Слован»ни қабул қилади.
Жамоалар илк дақиқаларданоқ ҳужумга ўтишди. «Галатасарой» 2-дақиқада Юнус Оқгуннинг голи билан ҳисобни очди. Аммо «Лилл» тезда ўзига келди ва ўйинда бурилиш ясади: 19 ёшли Сориба Диауне дублни расмийлаштирди.
Бўлим охирида «Галатасарой» мувозанатни тиклади: Роланд Шаллаининг узатмасидан кейин Батраков бошда аниқ зарба йўллади. Ёзги трансферларда турклар жамоаси сафига келиб қўшилган россиялик футболчи учун бу ЕЧЛдаги иккинчи гол бўлди – ўтган ҳафтада у «Барселона» дарвозасини ҳам ишғол этганди.
Танаффусдан кейин «Галатасарой» ёрқинроқ ўйин кўрсатди ва ғалабани ўзиники қилди. 52-дақиқада «Лилл»нинг туркиялик дарвозабони Берке Ўзердан қайтган тўпни Бинтолиб беихтиёр ўз жамоаси дарвозасига киритиб юборди. 61-дақиқада эса Виктор Осимҳен собиқ жамоаси дарвозасини ишғол этди ва ўйинга нуқта қўйди.
Кейинги турда «Галатасарой» «Штутгарт»ни қабул қилади, «Лилл»ни «Будё-Глимт» майдонига сафар кутади.