Безоснинг бу фикри биздаги «ишлайдиган одам хато қилади» ёки «мевали дарахтга тош отилади», деган нақлга ўхшаб кетади. Ҳамиша ўз олдига юксак мақсадлар қўйган, фақат олдинга интилган, хато қилишдан чўчимаган Жефф Безос бугун дунёдаги энг бой инсонга, у асос солган Amazon компанияси эса интернет бозорининг етакчи компанияларидан бирига айланди.

Болалик йиллари

1964 йил 12 январда Нью-Мехико штатидаги Альбукерк шаҳрида Теодор (Тед) Йоргенсен ва Жаклин Гиз оиласида чақалоқ дунёга келади. Унга яхши ниятлар билан Жефф, деб исм қўйишади. Ёш оила шаҳардаги Сут-Ист-Ҳайт округидан ижарага уй олиб яшай бошлайди. Теодор мамлакат бўйлаб ўтказиладиган цирк томошаларида қатнашар, бироқ бу рўзғор тебратишга етмасди. Шу боис, Теодор дўконлардан бирига ишга киради. Бироқ ёш ота-она оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги барибир ўз таъсирини ўтказади. Ҳаётнинг паст-баланди, аччиқ-чучугига чидолмаган Теодор ичкиликка ружу қўяди, кечалари уйга келмайдиган одат чиқаради. Бундай ташвишлар, асабий зўриқишлар боис Жаклин болани олиб, ота-онасининг уйига қайтади.

Жефф Безоснинг ёшликдаги суратлари

Охир-оқибат оилавий муносабатга дарз кетади — Жефф ўн етти ойлигида Жаклин ва Теодор ажрашади. Боши очиқ ёш жувон бир неча йилдан кейин асли кубалик Мигел Безосни учратади. Мигел 1968 йилда Нью-Мехико университетини тамомлагач, улар турмуш қуриб, Жеффни бирга катта қилишади. Тўрт ёшли бола ўгай отанинг фамилиясига ўтади. Кейинчалик Безослар оиласи Ҳьюстон шаҳрига кўчади. Мигел шаҳардаги Exxon компаниясига ишга киради. Орадан бироз муддат ўтгач, уларнинг оиласида яна бир қиз ва бир ўғил – Кристина ва Марк туғилади.

Жефф ўн ёшга тўлганидагина Мигел Безос унинг ҳақиқий отаси эмаслигидан хабар топади. Унинг ҳақиқий отаси Теодор Йоргенсен орадан анча вақт ўтгач, яъни Жеффни бутун дунё танигандан сўнг, ёзувчи Брэд Стоун Безоснинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида китоб ёзаётганида ундан интервью олишга келганида ўғли миллиардер бўлиб кетганидан воқиф бўлади.

Компания нега Amazon деб номланган?

Безос аввал Ҳьюстондаги River Oaks мактабида, оиласи билан Майамига кўчиб ўтгач, ўша ердаги «Пальметто» мактабида ўқишни давом эттиради. Мактабда аъло баҳоларга ўқигани учун битирув кечасида хайрлашув сўзи унга топширилади. Қолаверса, у штат миқёсидаги нуфузли «Кумуш рицар» мукофоти билан ҳам тақдирланади. Жефф Безос 1986 йилда Принстон университетини ҳам имтиёзли диплом билан тамомлаб, оптик толали кабеллар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Fitel компаниясига ишга киради. Орадан бироз муддат ўтгач, Bankers Trust ташкилотида ишлай бошлайди. Шундан сўнг у D. E. Shaw ҳеж-фондида ўз фаолиятини давом эттиради. Мазкур компанияга Колумбия университетида фаолият кўрсатган профессор Дэвид Шоу 1988 йилда асос солганди. Бошқа фондлардан фарқли равишда бу ташкилот бозорни тадқиқ этишда математик усуллардан фойдаланар, шу боис молиячилар эмас, математик ва компьютер технологиялари бўйича мутахассисларни ишга қабул қиларди. Жефф эса бу соҳани чуқур биладиган мутахассислардан эди. Интилувчан Безос 1993 йилда компаниянинг вице-президенти даражасига кўтарилади. Бу пайтда у атиги 29 ёшда эди.