Охирги пайтларда ёшлар орасида спорт ўйинларига пул тикиш тенденцияси тобора оммавийлашиб бормоқда. Бунга баъзи инсонлардаги меҳнатга куч сарфламай, осон пул топишга бўлган кучли хоҳиш ҳам қайсидир маънода сабаб бўлмоқда. Натижада касб-ҳунар эгаллаш, билим олишга сарф қилиниши керак бўлган пул, энергия ва вақт кераксиз ҳамда зарарли «қимор» ўйини учун сарфланмоқда.

Букмекер қиморбозлар ўртасида ўзини гўёки ўртакашлик қилаётган воситачидек кўрсатади, аслида у ўйинчини «азарт» сиртмоғига тушириб, бечорани узоқ вақт «соғиб» боради.

Букмекерлик ўйинлари нима сабабдан Ўзбекистонда тез оммавийлашиб кетди?

Эътибор бериб қараладиган бўлса, тотализатор Ўзбекистонда асосан ёшлар ўртасида оммавийлашиб кетаётганини кузатиш мумкин. Эндигина катта ҳаётга қадам қўяётган ёшлар умри давомида босқичма-босқич эришиладиган муваффақият ва ютуқларга бир лаҳзада эга бўлишни хоҳлашади.

Бундан ташқари, эътибор бериб қаралса, букмекерлик ўйинлари, лотереялар тез оммавийлашиб кетадиган мамлакатлар аҳоли турмуш даражаси ва даромадлари кам бўлган мамлакатлар бўлади. Бунга одамлардаги қандайдир «мўъжизавий ютуқ» орқали ҳаётининг тубдан яхшиланишига бўлган кучли иштиёқ сабаб бўлади.

Шунингдек, маълумотларга кўра, тотализатор билан шуғулланувчи компаниялар бутун дунёда маркетинг ва рекламага Coca-Cola ва Pеpsi’дан кейин энг кўп маблағ сарф қиладиган ташкилотлар ҳисобланади. Натижада ҳозирда ҳар қайси ижтимоий тармоқларда букмекерлик ташкилотларининг ташвиқотларини кузатиш мумкин.

Таваккалчиликка асосланган ўйинларнинг қандай салбий жиҳатлари бор?

Қиморга қарамлик - бу кўплаб салбий психологик, жисмоний ва ижтимоий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган прогрессив «гиёҳвандлик» ҳисобланади.

Вақт бекорга сарфланиши. Дастлаб қўшимча даромад топиш, кейинчалик «азарт» сиртмоғига тушиб ютқазилган пулнинг ўрнини қоплаш мақсадида кунлаб, ҳафталаб, ойлаб ва ҳатто йиллаб кетказилган вақт натижасида инсон ўз шахсий тараққиёти учун инвестиция қилиши керак бўлган бебаҳо неъматини йўқотади.

Соғликка таъсири. Таваккалчиликка асосланган ўйинлар инсонда умидсизлик ва ночорлик ҳиссиётларини келтириб чиқаради. Ушбу «гиёҳвандлик» билан яшайдиган одамлар депрессия, мигрень, ичак касалликлари ва стресс билан боғлиқ бошқа муаммоларга дуч келишлари исботланган. Йирик суммадаги маблағни ютқазиш инсон ҳузур-ҳаловатини йўқотишига олиб келади. Ўйинга берилиб кетганлар ётганида ҳам, турганида ҳам, ҳар доим пул тикиб ютиш ҳақида ўйлашади. Зарарли оқибатлари туфайли, кўплаб мамлакатларда қимор ўйинларига қарамлик соғликни сақлаш соҳасининг муҳим муаммоларидан бири ҳисобланади.