Жамият | 17:25 / 28.04.2021
66804
11 дақиқада ўқилади

«Санъаткор учун энг пик даража тўйга чиқиш бўлиб қолди» — Алишер Узоқов шов-шувли интервью берди

Айни дамда Дубайда яшаб ижод қилаётган ўзбекистонлик актёр Алишер Узоқов шов-шувли интервью берди. У нега киноларда рол ўйнамаётгани, Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги сериалда синовдан ўтиб Туркияга боргани, лекин нега фильмда иштирок этмагани, ўзбек санъатининг майдалашиб бораётгани ҳақида гапирди.

Фото: YouTube/Intervyu TV

Kun.uz Феруз Муҳаммад муаллифлигидаги «Intervyu TV» YouTube-каналида эълон қилинган суҳбатнинг баъзи қисмларини келтиради.

«Юртимиздаги санъатдан кўнглим тўлмади»

Журналист Узоқовдан нега охирги вақтда ўзбекистонлик актёрлар бошқа давлатларга кетиб, санъатдан ташқари ишлар билан шуғуллаётганини сўраганда (мисол тариқасида Улуғбек Қодиров, Акбархўжа Расулов, Гулчеҳра Эшонқулова ҳамда Соҳиб Аббосхон келтирилган), актёр мамлакатдаги санъат оламидан кўнгли тўлмаётганини айтган.

«Бошқалар учун жавоб бера олмайман, лекин ўзимнинг кетишимга сабаб шуки, ҳозирги кунда юртимиздаги санъатдан кўнглим тўлмади. Кўпчилик мени худди касбига хиёнат қилди, дегандек «ташлаб кетди», деяпти. Лекин мен айнан касбимга бўлган ҳурматим сабаб кетдим. Агар мен касбимни ҳурмат қилмаганимда, кўрсатувларда чиқиб, савиясиз фильмларда ўйнаб юраверишим мумкин эди. Бизда рейтингни ушлаб туриш қийин эмас: йилига иккита савиясиз кинода чиқасиз, савиясиз сериалда рол ўйнайсиз, савиясиз кўрсатувда чиқасиз, одамлар сизни кўриб турса бўлди. Тўйларга чиқиш мумкин. Балки мен адашаётгандирман, лекин тўғриси, савия жуда пасайиб кетди. Бу нарсаларни ўзимга эп кўрмадим. Мен 4 ёшлигимдан актёрликка «бемор бўлганман», бу касбни яхши кўраман. Биласизми, ёшлигимдан бу касбда ишлаётганлар касбига фидойи бўлади, деб ўйлардим, лекин адашган эканман, унақа эмас экан.

Бир куни қизиқ воқеа бўлди. Бир халқ артистининг олдига ижодий таклиф билан бордим. Кейин у эвазига концертида чиқиб беришимни сўради: «Концертимда чиқиб машҳур бўласан, кейин тўйларга чиқасан», деди. Бу гапдан жуда хафа бўлдим. Бу мен учун фожиа. Ўзбекистон халқ артисти санъаткор учун энг пик даража тўйга чиқиш эканини тасдиқлаб туриши трагедиянинг ўзгинаси. Санъатимизнинг энг катта муаммоси мана шу, мен сизга айтсам.

Худди ўша даврларда яна бир халқ артисти билан бошқача воқеа содир бўлди. Устозимиз Ёдгор Саъдиевни театрда кўриб қолдим. У киши менга «Майдалашма», деди-да қаттиқ гапирди. Телевидениеда чиқиб юрганимни назарда тутиб танбеҳ бердилар. Агар тўйга чиқсанг..., деб мени сўкдилар. Ҳа, айнан сўкдилар. Энди қаранг, бир халқ артисти менга яхши гапириб, машҳур бўлсанг, тўйга чиқасан деяпти-да, бу гапдан хафа бўляпман, бошқа бир актёр тўйга чиқсанг, хафа қиламан, деб сўкяпти-ю, бу гапдан хурсанд бўляпман. Шунчаки санъаткорлар ўртасидаги фарқни кўрсатмоқчиман.

Ҳозир мен бир-икки гап билан нима қандай бўлиши кераклигини тушунтириб беролмайман, бу нарсалар тартибга келиши учун бутун бошли тизим керак. Лекин бир нарса аниқки, касбга нисбатан ҳурмат бўлиши керак, пулнинг кетидан қувиб, касбни беҳурмат қилиш керак эмас. Энг афсусланарлиси шундаки, бизда ўрнак бўладиган санъаткорлик мактаби бор эди ва у бузилди. Биздаги театр, кино, дубляж бутун совет иттифоқида тан олинган, бутун Ўрта Осиёда тан олинган. Биздаги бор мактаб йўқотилди, шартта «узиб ташланди». Ҳозир санъаткорларга ким таълим беряпти, қаердан олиб таълим беряпти, бу билан кимдир қизиқадими? Таълимни кучайтириш керак. Ҳозир имконият жуда катта, лекин бу имкониятдан деярли фойдаланилмаяпти. Бизда кўпчилик енгил йўлга ўтиб кетди, принципларига содиқ қоладиганлар кам».

Алишер Узоқов телевидениедаги фаолиятини ҳам эслаб, «Зўр ТВ» у учун қадрдон жой бўлиб қолганини таъкидлаган. Шунингдек, актёр ТВда ўзига нисбатан қўллаб-қувватлов сезмаганини эслаган. Унинг айтишича, телеканалда кўп пул топиш учун ишламаган ва бир ойда 7 миллион сўм атрофида маош олган. Актёр дубляж соҳасининг камчиликлари ҳақида ҳам гапириб, актёрлар дубляж учун кулгили миқдорда кам пул олишини айтган.

Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги сериалда нега рол ўйнамагани ҳақида

Алишер Узоқов Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги фильмда рол ўйнаш учун саралаб олинган актёрлар қаторида бўлган ва у ҳам ижодий гуруҳ билан бирга Туркияга борган, бироқ рол ўйнамаган. Узоқов бунинг сабабини тушунтирди: «У ерга бориш учун катта кастинг бўлди, раҳмат бизни танлаб олишди. Мақсад ўзбек халқининг тарихини дунёга кўрсатиш эди. У ерда бизга шароит жуда яхши эди.

Бироқ ижодий масала мени безовта қилди. Аввало турк актёрларининг бизга бўлган муносабати ёқмади. Бизга паст назар билан, булар актёр эмас, дегандай қарашди. Кейин сценарий масаласи. Борганимизда сценарийнинг ўзи йўқ эди, кейин тайёрлаб беришди, ўқидик. Менга Қилич деган ролни беришди (Жалолиддин Мангубердининг тансоқчиси). Режиссёрга бу рол менга ёқмаётгани, унда ҳеч қандай образ йўқлигини айтдим, бу қандай образ эканини тушунтириб беришини сўрадим, ҳатто Қилич қароқчи бўлиши борасида таклиф ҳам бердим. Бошида таклифни қабул ҳам қилишди, лекин кейин режиссёр ўзгариб кетди.

Албатта, бу катта лойиҳа, унинг тепасида катта одамлар турганди, гап йўқ, лекин мен Туркияга шунчаки от чоптириб камерага тушиш учун бормаганман-ку. Биринчи навбатда актёрман, менга рол беринглар, дедим. Улар менга «Ҳар серияда чиқасан», дейишди. Туркияликларнинг назарида ўзбек актёрлари камеранинг олдига тиқилиб, қанчалик кўп кўринса, шунча хурсанд бўлиб кетаверади. Мен ҳар қисмда эмас, битта қисмда чиқай, лекин эсда қоларли бўлиб чиқай, дедим. Турклар сценарийни ўзгартиришни боплашаркан, ҳар ҳафта сценарий ўзгаради, олти ой давомида иккинчи қисмга ўтилмади, фақат биринчи қисм ўзгарди».

Ўзбек актёрлари қанча гонорар олиши керак?

Журналист суҳбат давомида ўз вақтида продюсер ва режиссёр бўлиб ишлаган Алишер Узоқовдан ҳозирги ўзбек актёрлари қанча гонорар олиши кераклиги ҳақида сўраган. Узоқов сўралган актёрлар 6 ой давомида суратга олинадиган тўлиқ метражли фильмдаги бош рол учун қанча гонорар олиши кераклигини чамалаган. Улуғбек Қодиров, Дилноза Кубаева, Ёдгор Саъдиев, Карим Мирходиев, Адиз Ражабов, Раъно Шодиева каби санъаткорлар тўлиқ метражли фильмдаги бош рол учун Алишер Узоқовнинг чамалашича, Ўзбекистон шароитида ҳар ойда 10-15 минг доллар атрофида пул олиши керак. Узоқов бу пуллар айни дамда ўзбек киноси учун эртак эканини ҳам қўшимча қилган. Актёрнинг ўзи эса энг кўп бутун фильм учун 7-8 минг доллар миқдорида гонорар олганини айтган.

Алишер Узоқов давлат буюртмаси билан олинадиган фильмларга ҳам муносабат билдирган: «Албатта, давлат ҳаммага пулни тарқатиб чиқиши керак эмас, кино шундай бўлсинки, ҳеч бўлмаса, унга сарфланган харажатни қопласин. Майли ундан фойда чиқмасин, ҳеч бўлмаса харажатини қопласин, асосийси миллатни тарғиб қилувчи маҳсулот қолади».

Президентга мурожаат: Маъмуржон Узоқов номидаги боғ нега ўзгартирилди?

Алишер Узоқовдан унинг бобоси Маъмуржон Узоқов номидаги боғ нега ўзгариб кетгани ҳақида ҳам сўралган. Актёр бу саволга жавоб берар экан, фурсатдан фойдаланиб президентга мурожаат қилишини айтган: «Марғилондаги боғ бобом Маъмуржон Узоқов номларида эди. У ерда кўп йиллик катта дарахтлар бўлар, ёнидан сой оқиб ўтарди. Борган одам худди Швейцарияга тушиб қолгандек бўларди. Ҳамма дарахтларни чопиб ташлашди. Кейин боғга Эркин Воҳидов номи берилди. Мен шоиримизга хусуматим йўқ, у кишини ҳурмат қиламан, лекин боғни бобомнинг номларига қайтарайлик. Боғ ўз номларида бўлиши бобомнинг охиратлари учун нимадир бермас, лекин у киши ўша боғда қўшиқ айтаётиб вафот этганлар-да...».

Актёрнинг айтишича, ҳали ўзининг тўлиқ имкониятларини очиб берган рол тугул, тўлиқ кўнгли тўлган эпизодни ҳам ўйнамаган: «Мана мен хоҳлаган нарса, дейишга арзигулик эпизодни чиқариш учун қийналишни, режиссёр, операторлар билан биргаликда ўша қийинчиликларни босиб ўтишни хоҳлайман», деган актёр. Унинг айтишича, кинодан кетмаган ва яхши рол бўлса ўйнайди. Ўз навбатида бундай рол таклиф қилинишига кўзи етмаслигини ҳам қўшимча қилган.

Алишер Узоқов бугунги катта авлод актёрлари узоқ вақтдан буён рол ўйнамаётгани санъатнинг даражаси тушиб кетаётганидан далолат беришини таъкидлади. Унинг фикрича, олдин яхши асарлар кўп бўлган ва шу сабаб актёрлар катта ёшда ҳам ўлмас ролларни ижро этган. Узоқов бугун эса шунча кучли актёрлар бўлса-да, улар учун мос рол, асар йўқлигини танқид қилган ва Пўлат Саидқосимов, Зикир Муҳаммаджонов, Ғани Аъзамов, Зайнаб Садриева, Наби Раҳимов каби актёрлар ҳар қандай ёшда яхши даражадаги ролларни ижро этганини мисол қилиб келтирган. «Биздаги энг зўр актёрлар рол ўйнамаяптими, санъатнинг даражасини мана шундан кўраверинг. Ҳозирги устозларимизнинг олдига «Олтин девор», «Келинлар қўзғолони» ёки «Шайтанат»га ўхшаган асарлар олиб боринг, мен кафилман, улар гонорар қанча деб сўрамайди. Чунки улар касбининг чинакам фидойилари», деган Узоқов.

Актёр санъатда 30 йилдан ортиқ ижод қилган онаси Шоҳида Узоқова қанақадир кўрсатувда бошловчилик қилаётгани ҳақида гапирганда, кўзига ёш олган. Унинг айтишича, бугунги актёр катта авлодда кинолар, роллар орқали нимадир олиб қолмаса, кейинги авлод ҳеч нарсасиз қолади. «Бу кетишда санъат камида 50-60 йилга «ўлади», кунимиз ҳозирги каби майда-чуйда нарсаларга қолиб кетади. Оқибатда шоҳ асарларимиз, шоҳ спектаклларимиз, маданиятимиз йўқ бўлади. Шунда мажбур турк сериалларини таржима қиламиз, турк маданиятини тарғиб қиламиз, Америка маданиятини тарғиб қиламиз. Бизда фақат чеклашни билишади. Хўп, чеклаяпсиз, лекин ўзимиз нима таклиф қиламиз? Ўзимизда нима бор?», деган актёр куюниб.

Мавзуга оид