Санъаткорларни солиққа тортишни таклиф этувчи қарор лойиҳаси муҳокамаси 10 апрел куни якунига етади. Фикр билдирган санъаткорларнинг деярли ҳаммаси бунга қарши. Фаоллар ҳужжат чала эканидан норози, бироқ одамлар санъаткорлар ҳам ҳамма қатори солиққа тортилиши тарафдори. Kun.uz билан суҳбатлашганлар фикрича, солиқ ҳақ, бироқ ҳозир санъаткорлардан ундирилаётган бошқа тўловлар масаласини қайта кўриб чиқиш керак.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида турган “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахсларни солиққа тортиш ва ҳисобини юритиш тизимини соддалаштириш тўғрисида”ги лойиҳани Адлия вазирлиги муаллиф сифатида муҳокамага қўйган.

10 апрелга қадар давом этувчи бу муҳокамалар чоғида фикр билдирган санъаткорларнинг деярли ҳаммаси ушбу тизимдан норозилигини билдирди. Жамоатчилик фаоллари эса солиқ фақат хонандаларга солинаётгани бир томонлама ва узоқни ўйланмаган таомил бўлгани сабаб, лойиҳани номукаммалликда айбламоқда. Жамият аъзоларининг аксарияти эса санъаткорларни солиққа тортиш таклифини олқишлади. 

Kun.uz билан суҳбатлашганлар фикрича, санъаткорлар солиқдан қочмайди, бироқ агар солиқ жорий қилинадиган бўлса, ҳозир ундирилаётган бошқа тўловлар масаласини қайта кўриб чиқиш керак бўлади. 

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти – Муножат Йўлчиевага кўра, бу 1-2 кунда ҳал бўладиган масала эмас. 

Биз санъаткорлар давлат томонидан ишлаб чиқилиб, қабул қилинаётган ҳар бир ҳужжатга бўйсунамиз, амал қиламиз. Биз солиқ тўлашга қарши эмасмиз, лекин лицензия-чи? Агар солиқ жорий қилинса, лицензия учун тўлов ҳам давом этадими?” – дейди у. 

Солиқ қўмитасининг Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Пўлат Давлетов фикрича эса, санъаткорлар қарор лойиҳасини ўқимасдан туриб шовқин кўтаришди.

 “Аввалига санъаткорлар бу лойиҳа эканини, ҳали муҳокама босқичидалигини тушуниши керак эди. Улар лойиҳани ўқиб, тушуниб олишлари лозим. Самандар солиқ эълон қилинди деб хатo гапирди, солиқ солингани йўқ, бу фақат таклиф этилмоқда ҳали”,