Президент фармони билан, давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чоралари тасдиқланди.

Фармонга кўра, қурилиш соҳасида қуйидагиларни назарда тутувчи президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади:

  • қурилиш соҳасида пудрат ва лойиҳалаш ташкилотларининг фаолиятини рағбатлантириш;
  • қурилиш соҳасидаги ходимлар учун соатлик энг кам иш ҳақи миқдорини ошириш ҳамда барча ҳудудлардаги миқдорини тенглаштириш;
  • Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишларининг смета қийматида пудрат ташкилотларининг режали фойдаси миқдорини 7 фоизгача этиб белгилаш;
  • лойиҳалаш ишларини молиялаштириш ҳажмини объектнинг мураккаблик даражаси ва ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш;
  • муҳандислик коммуникация инфратузилмаси учун йиғимлар бўйича аванс тўловини 20 фоиздан 5 фоизга тушириш.

Қарор лойиҳаси 2027 йил январ ойида тайёр бўлиши керак. Вазифа ижроси учун бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятов ҳамда иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Самандар Садуллаев масъул деб белгиланди.