Ўзбекистон | 17:06 / 03.05.2021
7375
4 дақиқада ўқилади

ОАВ вакиллари ва блогерлар учун “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига пресс-тур ташкил этилди

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига пресс турга таклиф этилган журналист ва блогерлар завод тарихи, бугунги куни, ишлаб чиқариш жараёнлари, техник хавфсизлик ва бошқа бир қатор жараёнлар билан танишишди.

Бу қаламкашларнинг гуруҳ бўлиб завод ҳудудига ўтган 24 йил ичида илк ташрифи. Завод Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида жойлашган. Заводни барпо этиш ишлари 1993 йилда бошланган бўлиб, 1997 йилнинг 22 августида қурилиш ишлари якунланиб, ишга туширилган.

Меҳмонларга жорий йилнинг январ ойидан бошлаб ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган «QuWatt» бренди остида АИ-95 русумидаги автобензиннинг ишлаб чиқариш жараёни намойиш этилди.

Завод қурилишини молиявий жиҳатдан таъминлаш ва қурилиш жараёнида хорижий мамлакатларнинг кўпгина банклари, компаниялари ва фирмалари иштирок этди. Лойиҳанинг технологик қисмини амалга ошириш учун Франциянинг «Technip» фирмаси, Япониянинг «Marubeni» ва «JGC» компаниялари иштирокида консорциум ташкил этилди, Туркиянинг «Gama» компанияси ва Ўзбекистоннинг қурувчилари қурилиш-монтаж ишларини бажарди.

2006-2008 йилларда ишлаб чиқарилган дизель ёқилғиси сифат кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида ёзги ва қишки турдаги экологик хавфсиз «ЭКО» дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш технологияси ўзлаштирилди.

2007-2009 йилларда ишлаб чиқаришга янги маҳсулотларни – «Boeing» ва «Airbus» ҳаво лайнерлари учун стандарт ёқилғи бўлган «Jet A-1» газ турбинали двигателлари учун авиация ёқилғисини ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича катта ишлар амалга оширилди.

Шу мақсадда завод устахоналарининг технологик инфратузилмаси модернизация қилинди ва янги турдаги авиация ёқилғисини сақлаш учун сиғимлар тайёрланди - уларнинг ички юзасига махсус қоплама сурилди. Завод таҳлилхонаси замонавий лаборатория ускуналари ва халқаро стандартларга мувофиқлигини текшириш учун асбоблар билан жиҳозланган.

2009 йил август ойидан буён амалга оширилган ишлар натижасида «Бухоро НҚИЗ» «JetA-1» авиация ёқилғисини саноат ишлаб чиқаришни йўлга қўйди ва шу кунгача у билан «Uzbekistan Airways» AЖ, «Uzbekistan airports» AЖ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги каби истеъмолчиларнинг доимий равишда таъминлаб келмоқда.

2008 йилдан бери бўёқ ва лаклар ишлаб чиқаришда ишлатиладиган муҳим таркибий қисм бўлган “C4-135 / 220” маркали углеводород эритгичи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан, тизимдаги нефтни қайта ишлаш заводларида ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, маҳсулотлар сифатини яхшилаш, истеъмолчиларни сифатли нефть маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш борасида қатор ишлар бажарилди, — дейди журналистлар билан суҳбатда заводи бош муҳандиси Б.Мустафоев. — Ўз навбатида, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш мақсадида, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида автобензин ва дизель ёнилғиларини ишлаб чиқариш бўйича чоралар кўрилди. Натижада, Германиянинг «BASF SЕ» компанияси билан ҳамкорликда ишлар олиб борилиб, заводда «QuWatt» бренди остида АИ-95 русумидаги автобензин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди».

Оммавий ахборот воситалари вакилларига мутахассислар томонидан «QuWatt» АИ-95 русумидаги автобензиннинг қатор афзалликлари ҳақида батафсил ахборот берилди. Шу билан биргаликда, заводда содир бўладиган техноген ҳолатлар, ёнғин ёки бошқа табиий офатлар пайтида тезкор ҳаракатларни ўзида акс этган ўқув машғулотлари намойиш этилди.

Беҳзод Адизов тайёрлади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид