«Ўзбекнефтгаз» ўз улуши мавжуд бўлган қўшма корхоналарда таъсисчи сифатидаги ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқариш ҳамда молиявий самарадорликни оширишга қаратилган тизимли ишларни бошлади, дея хабар берди компания матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 21 август куни «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси иштирокидаги йиғилишда «Natural Gas-Stream», «New Silk Road Oil and Gas» ва «ANDIJANPЕTRO» қўшма корхоналари фаолияти танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.
Дастлабки таҳлиллар қўшма корхоналар фаолиятида бошқарув, ҳисобдорлик ва молиявий интизом билан боғлиқ қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатган. Хусусан, айрим корхоналарда иш жараёнлари етарли даражада тартибга солинмагани, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботлар бўйича шаффофлик таъминланмагани, «Ўзбекнефтгаз» олдидаги ҳисобдорлик механизмлари тўлиқ йўлга қўйилмагани қайд этилди.
Натижада қазиб чиқариш ҳажмларининг йилдан-йилга пасайиши, инвестиция маблағларидан самарали фойдаланиш билан боғлиқ саволлар, молиявий барқарорликнинг таъминланмагани ва дивиденд тўловлари бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилмагани каби масалалар юзага келган. Шу пайтга қадар корхоналар фаолияти устидан таъсисчи томонидан зарур даражада назорат ўрнатилмагани мавжуд муаммоларнинг авж олишига сабаб бўлгани таъкидланди.
«Эндиликда жамият улуши мавжуд бўлган ҳар бир қўшма корхона фаолиятида корпоратив бошқарув тамойилларига қатъий риоя этилиши, таъсисчининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўлиқ таъминланиши, молиявий ва ишлаб чиқариш кўрсаткичлари шаффоф назорат қилиниши талаб этилади. Хусусан, корхоналарнинг қазиб чиқариш қувватлари, геология-қидирув ишлари ва геологик-техник тадбирлар самарадорлиги қайта таҳлил қилинади. Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» АЖдан мавжуд қарздорликларни хатловдан ўтказиш, молиявий оқимлар ва харидларни назорат қилиш тизимини рақамлаштириш бўйича чоралар белгиланди», дейилади компания хабарида.
Қўшма корхоналарда режалаштирилаётган ҳар бир тадбир, инвестицион лойиҳа ва иш жараёни «Ўзбекнефтгаз» билан келишилади. Бунда ҳар бир тадбирнинг зарурияти, иқтисодий самарадорлиги ва қиймати чуқур таҳлил қилиниб, жамиятнинг розилиги олинганидан сўнг амалга оширилиши белгиланди.









