Ўзбекистон импортни диверсификация қилиш мақсадида Хитойдан Jet А-1 авиа ёқилғисининг узоқ муддатли таъминотини йўлга қўйиш ниятида. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ хабар берди.

 

14 август куни компания бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Юй Сзюн бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

«Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, нефт-газ соҳасида барқарор ривожланаётган стратегик қўшма инвестиция лойиҳалари ҳамда янги истиқболли йўналишлар муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

 

«Ўзбекнефтгаз» Хитойнинг CNPC, CCDC, BGP, Jereh, Honghua каби йирик компаниялари билан геология-қидирув, қудуқларни бурғилаш, хизматлар кўрсатиш ва замонавий технологияларни жорий этиш соҳасида бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

 

«Импортни диверсификация қилиш ва Ўзбекистонни авиа ёқилғи билан барқарор таъминлаш тизимини шакллантириш учун Хитойдан Jet А-1 авиа ёқилғисини узоқ муддатли етказиб бериш имконияти учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлди», — дейилади ахборотда.

Шу нуқтаи назардан, томонлар «Ўзбекнефтгаз»нинг Хитойнинг China National Aviation Fuel Group (CNAF) ва Sinopec компаниялари билан бевосита ҳамкорлик ўрнатишига Хитойнинг Тошкентдаги элчихонаси кўмаклашиши имкониятини кўриб чиқдилар.

 

Музокаралар якунида томонлар энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш ва янги инвестициявий ҳамда технологик лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканлигини билдирди.